Сенат: ички бозорда муомалага чиқарилаётган маҳсулотлар хавфсизлиги таъминланади
Сенат ялпи мажлисида “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев инсон манфаатини таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ички бозорда муомалага чиқарилаётган маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун адолатли ва шаффоф рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Бозорда инсон ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавф туғдириши мумкин бўлган ноозиқ-овқат маҳсулотларини аниқлаш, уларни муомаладан чиқариш ва ваколатли давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни ягона ҳуқуқий асосда тартибга солувчи алоҳида қонун мавжуд эмаслиги қайд этилди.
Қонун билан бозор назорати соҳасида ягона ҳуқуқий механизм жорий этилмоқда. Жумладан, бозор назоратини амалга оширишнинг асосий принциплари, ваколатли давлат органлари ҳамда иқтисодий операторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бозор назорати тадбирларини ўтказиш тартиби ҳамда таъсир чораларини қўллашнинг аниқ ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.
Қонун билан бозор назоратини хавф-хатарларни баҳолаш асосида ташкил этиш, назорат харидларини амалга ошириш, маҳсулотларни лаборатория синовларидан ўтказиш, хавфли маҳсулотларни муомаладан чиқариш ва чақириб олиш ҳамда истеъмолчиларни тезкор хабардор қилиш механизмлари жорий этилмоқда.

Айниқса, иқтисодий операторларнинг ҳуқуқлари кафолатланиб, уларга бозор назорати тадбирларида иштирок этиш, назорат материаллари билан танишиш, аудио ва видеоёзувларни амалга ошириш, шунингдек, ваколатли органлар қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи берилаётгани тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ички бозорда фақат хавфсиз ва белгиланган талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар муомалада бўлишини таъминлашга ҳуқуқий асос яратади.
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари янада самарали ҳимоя қилинади. Давлат назоратининг очиқлиги ва шаффофлиги оширилади. Ҳалол тадбиркорлик муҳити мустаҳкамланиб, бозор назоратининг замонавий ва самарали тизими шакллантирилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА