СЕНАТ: Болалар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади (+видео)
Тошкент шаҳрида 2026 йил 18-19 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сенат раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлиснинг биринчи иш кунида электрон тижорат, бола ҳуқуқлари, маданий мерос, одил судлов, рақамли маркировкалаш, кўчмас мулк, фитосанитария тизими, тергов ҳибсхоналари билан боғлиқ қонунлар маъқулланди.
Шу билан бирга, автомобиль бозоридаги фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий асос яратилди. Кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик кучайтирилди. Маҳаллий кенгашларнинг ижтимоий мавқеи оширилди, ҳудудий муаммоларни ҳал этишда вакиллик назоратининг таъсирчанлиги кучайтирилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунида креатив иқтисодиёт, Янги тараққиёт банки, умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат билан боғлиқ қонунлар кўриб чиқилди.
Креатив индустрияга оид қонун халқаро ва давлатлараро маданий тадбирларни ташкил этишда адолатли рақобатни таъминлашга хизмат қилади.
Янги тараққиёт банкига аъзо бўлиш мамлакатимиз учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилма ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиради.
Айтиб ўтиш керакки, умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат билан боғлиқ қонунда давлат органларининг ваколатлари, ҳарбий рўйхатни юритиш тартиби, идоралараро ахборот алмашинуви ҳамда фуқаролар ҳуқуқларига дахлдор айрим нормаларни қайта ишлаш зарурлиги сабабли бу ҳужжат сенаторлар томонидан рад этилди.
Мажлисда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига қурилиш соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан, Вазирлар Маҳкамасига табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўровлари юборилди.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2025 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси мажлисда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу, табиий ҳол, албатта. Чунки, бу келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ҳуқуқлари таъминланиши билан боғлиқ масаладир.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова 2025 йилда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан 1 минг 934 мурожаат келиб тушганини қайд этди. Мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 19 жиноят иши ҳамда 26 маъмурий иш қўзғатилган. Бундан ташқари, 20 жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув олиб бориш учун юборилган. Интернет тармоғида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган бола ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳолатлар юзасидан 23 жиноят иши ҳамда 28 маъмурий иш қўзғатилиши таъминланган.
Сенат раиси Танзила Норбоева мазкур масала бўйича муносабат билдириб, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича замонавий ёндашувларни жорий қилиш кераклигини таъкидлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан болалар ҳуқуқига дахл қилмаслик, улар психологлар, педагоглар билан биргаликда иш олиб бориши зарур. Болалар ўртасидаги инқирозли ҳолатларни эрта аниқлаш борасида нима ишлар қилиняпти, ёндашувлар нима бўлаяпти, буни ҳам Вазирлар Маҳкамаси тизимида кўриб чиқилса мақсадга мувофиқ бўлади. Ва, албатта, халқаро тажрибани доимий равишда ўрганиб бориш керак. Болалар омбудсмани болалар ҳуқуқларига риоя қилиш масаласини доимий мониторингини ҳар доим олиб бориши ва амалий механизмларни такомиллаштириш бўйича доимий равишда таҳлиллар асосида таклифлар киритиб бориши зарур.
Сенаторлар томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши юзасидан қатор фикр ва таклифлар билдирилди.
Мажлисда Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Шу билан Сенатнинг ўн бешинчи мажлиси якунига етди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/O8NS5oLtWZ8" title="SENAT: Bolalar huquqlari himoyasi kuchaytiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео), Салим Обиджонов (монтаж), ЎзА