Сайёр қабулда муаммоларга ечим топилди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ҳудудларда бир қатор учрашув ва қабуллар ташкил этилмоқда. Уларда аҳолини қийнаётган масалаларни, фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этишга кўмаклашилмоқда.
Жумладан, пойтахтимизнинг Сергели туманида ўтказилган сайёр қабулда партия вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабулда 225 нафар фуқаро иштирок этиб, улар томонидан кўтарилган 149 та масалага жойида ечим топилди. Шунингдек, тадбир олдидан 1000 дан ортиқ хонадонга ташриф буюрилиб, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олинди.
Тадбир давомида эҳтиёжманд фуқароларга эшитиш мосламалари, бепул даволаниш йўлланмалари, озиқ-овқат, дори-дармон ва рўзғор буюмлари топширилди, ишсиз фуқароларни иш билан таъминлашга ҳам кўмаклашилди.

Фориш туманида ўтказилган сайёр қабул давомида ҳам фуқаролар томонидан йўлларни таъмирлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бандлик ва бошқа ижтимоий масалаларга оид 26 та мурожаат қабул қилинди. Шундан 19 таси жойида ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар эса масъуллар назоратига олинди.
Таъкидлаш лозимки, партия томонидан ташкил этилаётган бу каби сайёр қабуллар, учрашувлар аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, йиғилиб қолган масалаларга амалий ечим топиш, фуқароларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова, ЎзА