1-синф ўқувчилари учун “Президент совғаси” йўлга чиқди
Мактаб остонасига илк қадам қўяётган ҳар бир бола учун 1 сентябрь унутилмас кун ҳисобланади.
Илк қўнғироқ, янги синфхона, биринчи устоз ва янги китоблар қаторида яна бир қувончли анъана – “Президент совғаси” ҳам биринчи синф ўқувчиларини қарши олади. Ушбу эзгу ташаббус орқали минглаб болаларга билим олиш учун зарур ўқув қуроллари тўплами тақдим этилиб, уларнинг таълимга бўлган қизиқиши ва илк қадамлари қўллаб-қувватланади.
Жорий йилги 2026/2027 ўқув йили учун мўлжалланган “Президент совғаси” 12 турдаги ўқув қуролидан иборат. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ўқув қуроллари 15 августгача барча ҳудудларга, 25 августгача эса мактабларга тўлиқ етказилади. Совғалар анъанавий “Биринчи қўнғироқ” тадбиридан сўнг 1-синф ўқувчиларига топширилади.
Ўқув қуроллари давлат, нодавлат ҳамда бошқа идораларга қарашли мактабларнинг барча 1-синф ўқувчиларига етказилади. Янги ўқув йилида 795 мингдан ортиқ болани 1-синфга қабул қилиш режалаштирилган. 5 август ҳолатига кўра, 680 мингдан зиёд бола мактабга қабул қилинган, бу режанинг 85 фоизини ташкил этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА