Пешқўрғонликларнинг кўп йиллик орзуси рўёбга чиқди
Энг улуғ, энг азиз байрам – истиқлолимизнинг ўттиз беш йиллиги арафасида Пешқўрғонда барпо этилган равон йўллар халқнинг давлат сиёсатига бўлган ишончи мустаҳкамланаётганини ҳам ифода этади. Чунки одамлар мурожаати эшитилган, ташаббус қўллаб-қувватланган ва кўп йиллик муаммо амалда ҳал этилган жойда ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси кўринади.
Мамлакатимизда маҳаллани ислоҳотларнинг таянч бўғинига айлантириш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида ҳам маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳар бир мурожаатни амалий ечимга айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун жойларда амалга оширилаётган ҳар бир бунёдкорлик иши айни шу сиёсатнинг амалий тасдиғидир.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Пешқўрғон маҳалласида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари таҳсинга лойиқ. Маҳалла ҳудудида ички кўчаларни замонавий талаблар асосида таъмирлаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитини яратиш ҳамда муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Пировардида кўп йиллар давомида аҳолини қийнаб келган муаммога амалий ечим топилди.
Хусусан, "Мураббий" кўчаси, муқаддас “Хоки Муборак” қабристонига олиб борувчи йўл ҳамда масжид олдидаги ҳудудни ўз ичига олган жами 3 километрлик автомобиль йўли тўлиқ асфальтлаштирилди. Бу лойиҳани бажариш учун 1 миллиард 648 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Мазкур йўлнинг аҳамияти унинг масофаси ёки унга сарфланган маблағ билан эмас, балки инсонлар ҳаётини янада яхшилашга қўшаётган ҳиссаси билан ўлчанади. Чунки мазкур равон йўл орқали минглаб фуқаролар зиёратгоҳга боради, аҳоли учун транспорт ҳаракати хавфсиз ва қулайлашади.

Эътиборлиси, ушбу масала аввал “Ташаббусли бюджет” дастури орқали ҳал этилиши режалаштирилган бўлса-да, етарли овоз тўпланмагани сабабли ижобий ҳал этилмаган эди. Кейинчалик маҳалла фаоллари ва фуқароларнинг мурожаатлари асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, "Адолат" социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Шуҳратжон Ёқубов ташаббусни ўз назоратига олиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан амалий иш олиб борди. Бунинг натижасида лойиҳа учун зарур маблағ ажратилиб, йўл қурилиши ишлари тўлиқ якунланди.
Ҳозирда ушбу йўл нафақат Пешқўрғон, балки Бозорбоши ва Ора ариқ маҳаллалари аҳолиси учун ҳам муҳим транспорт йўлагига айланди. Шу билан бирга, йўл ёқалари ободонлаштирилди, ариқ ва зовурлар тартибга келтирилди, ҳудуднинг санитария ҳолати яхшиланди.

Бундай хайрли юмушлар рўёбида маҳалла фаоллари ва жонкуяр инсонларнинг ҳиссаси ҳам салмоқли бўлди. Хусусан, маҳалла равнақи йўлида фаоллик кўрсатиб келаётган Бахтиёр Отамирзаев ва Раҳмонжон Эгамбердиевларнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Бинобарин, маҳалла кўчалари обод бўлса – одамларнинг кайфияти ўзгариб, эртага эмас, бугунидан рози бўлиб яшашга ундайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири