Сайёр қабулда 50 га яқин мурожаат ижобий ҳал этилди
Бугунги кунда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Хусусан, Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилнозахон Каттахонова аёллар билан тизимли ва самарали мулоқот ташкил этиш, уларнинг муаммоларини тинглашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, Д.Каттахонова бошчилигида Сирдарё вилоятидаги хотин-қизлар билан сайёр қабул ўтказилди. Мулоқотда қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек, вилоят мутасаддилари қатнашиб, фуқароларнинг бевосита мурожаатларини ўрганди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган қабулда 96 нафар фуқаро ўзини қийнаётган ижтимоий-ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаат қилди. Кўтарилган ҳар бир масала мутасаддилар иштирокида таҳлил қилиниб, 50 га яқин мурожаат шу ернинг ўзида ижобий ечим топди.

Хусусан, оғир касалликка чалинганларга даволаниш учун кўмак бериш, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уй-жой таъмири ва тадбиркорликни бошлаш каби бир қатор муаммолар жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва маълум вақт талаб этадиган мурожаатларни ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Қайд этилганидек, бу каби очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар бошқа ҳудудларда ҳам давом этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА