Криминология – хавфсиз жамиятни илм асосида барпо этиш воситаси
Жиноят содир бўлди, айбдор аниқланди, суд ҳукми чиқарилди ва жазо тайинланди. Бир қарашда, давлат ўз вазифасини бажаргандек. Аммо муҳим савол очиқ қолади: нега бу жиноят содир бўлди ва унинг такрорланишига қандай йўл қўймаслик мумкин?
Криминология тадқиқот институти етакчи илмий ходими Муҳаммадмирзо Аълохонов шу каби саволларга жавоб берди:
– Жиноятчилик, айниқса, кибержиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларига оид саволларга жавоб излайдиган фан – криминология.
Жиноят ҳуқуқи содир этилган қилмишга ҳуқуқий баҳо бериш ва жазо тайинлаш масалаларини ҳал қилса, криминология жиноятчиликнинг сабаблари, шарт-шароитлари, тенденциялари ва олдини олиш чораларини ўрганади. Содда қилиб айтганда, унинг муҳим вазифаси – навбатдаги жиноят содир бўлишига йўл қўймаслик.
Криминология фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга керак бўлган соҳа эмас. Масалан, ёшлар жиноятчилигининг ортишига ишсизлик, таълимдан узилиш, оилавий муаммолар ёки салбий муҳит таъсир қилиши мумкин. Фирибгарликнинг кўпайиши эса аҳолининг рақамли саводхонлиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва тўлов тизимлари хавфсизлиги билан боғлиқ.
Шунинг учун жиноятчиликнинг олдини олишда ички ишлар органлари билан бирга маҳалла, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, бандлик хизматлари, банк-молия тизими, фуқаролик жамияти ва оила ҳам иштирок этиши лозим. Криминология жиноятчиликни алоҳида ҳодисалар йиғиндиси эмас, балки ижтимоий, иқтисодий, психологик ва бошқа омиллар билан боғлиқ мураккаб жараён сифатида ўрганади.
Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига эътибор 2017 йилдан бошлаб янги босқичга кўтарилди. Президентимиз ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этишни муҳим вазифа сифатида белгилаб берди. Бу жиноят содир этган шахсни жазолаш билан чекланмай, жиноятнинг сабабларини аниқлашга қаратилган ёндашувни кучайтирди.
2021 йилда Ички ишлар вазирлиги тизимида Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар марказининг ташкил этилиши ҳам криминоген вазиятни илмий таҳлил қилиш ва профилактика самарадорлигини баҳолашга хизмат қилмоқда.
2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ташкил этилиб, криминология соҳасидаги илмий-амалий тадқиқотларни ташкил этишнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Ҳужжатларда жиноятчилик, жумладан, латент жиноятчиликни таҳлил қилиш ва прогнозлаш, жиноятларнинг асл омилларини аниқлаш, сунъий интеллект ҳамда замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш каби вазифаларга эътибор қаратилди.
Криминология тадқиқот институти ҳудудлардаги жиноятчилик ва унинг омилларини ўрганишга қаратилган илмий-амалий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Айни пайтда 20 дан ортиқ йирик тадқиқот лойиҳаси якунланди, 35 га яқин тадқиқот устида иш олиб борилмоқда.
Тадқиқотларда статистик маълумотларни таҳлил қилиш билан бирга, маҳаллалардаги ижтимоий муҳит ва жиноят содир этилишига таъсир кўрсатувчи реал шароитларни ўрганишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Яккасарой, Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманлари, шунингдек, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларда ишлар “илмий хулоса - тавсия – натижа” тамойили асосида ташкил этилмоқда.
Бундай ёндашувнинг асосий мақсади – муаммони аниқлаш, унинг сабабларини ўрганиш, манзилли чораларни ишлаб чиқиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш. Зеро, илмий тадқиқотнинг қиймати фақат мақолалар сони билан эмас, балки жиноятларнинг олдини олишга қўшган ҳиссаси билан ҳам ўлчанади.
Ҳар бир жиноят ортида эса жабрланувчи, оила, жамиятга етказилган зарар ва одамларнинг хавфсизлик ҳисси туради. Шунинг учун давлатнинг ютуғи фақат жиноятларни очиш ва айбдорларни жазолашда эмас, балки жиноят содир бўлишига имкон берувчи омилларни олдиндан аниқлаб, уларни бартараф этишда ҳам намоён бўлади.
Бунинг учун жиноятчиликни қайд этиш билан чекланмасдан, уни тушуниш, таҳлил қилиш, прогнозлаш ва илмий тавсияларни амалиётга татбиқ этиш зарур.
Криминологиясиз давлат кўпинча содир бўлган жиноятга баҳо беради. Кучли криминология эса келажакдаги хавфларни аниқлаш, эҳтимолий жабрланишнинг олдини олиш ва самарали профилактик чораларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Демак, криминология – хавфсиз жамиятни илм асосида барпо этиш воситаси. Зеро, жиноятни очиш қанчалик муҳим бўлса, унинг содир бўлишига йўл қўймаслик ҳам шунчалик муҳим.
Н.Абдураимова,
ЎзА