Сайхунободда замонавий паррандачилик комплекси ишга тушди
Давлат раҳбарининг 2024 йилда Сайхунобод туманига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижроси доирасида Янги ҳаёт маҳалласида узоқ йиллар давомида бўш ва самарасиз фойдаланиб келинган эски чорвачилик фермаси ўрнида замонавий технологияларга асосланган йирик ишлаб чиқариш мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Бу ерда «ABDUL RAZAK OTA EXPORT» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи, 230 минг бош парранда етиштириш қувватига эга замонавий паррандачилик комплексининг биринчи босқичи ишга туширилди.
Эътиборли жиҳати, мазкур лойиҳа Ўзбекистон «Паррандасаноат» уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилди. Уни молиялаштириш учун инвесторнинг ўз маблағлари ҳамда тижорат банкининг кредит маблағлари йўналтирилди.
Корхонанинг очилиш маросимида Ўзбекистон «Паррандасаноат» уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Улуғбек Аҳмедов, туман ҳокимлиги вакиллари, инвесторлар, корхона ишчи-хизматчилари, нуронийлар ва меҳнат фахрийлари, «Микрокредитбанк» АТБ Сирдарё вилояти филиали ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратиш, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталдилар. Шунингдек, паррандачилик соҳасини ривожлантириш аҳолининг сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишда муҳим омил экани таъкидланди.
Бугунги кунда паррандачилик чорвачиликнинг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланмоқда. Аҳолининг парранда гўшти ва тухум маҳсулотларига бўлган талаби йил сайин ортиб бораётгани соҳада замонавий технологияларни жорий этиш, юқори маҳсулдор наслли паррандаларни кўпайтириш, мустаҳкам озуқа базасини яратиш ҳамда маҳсулотларни қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришни тақозо этмоқда. Шу маънода, Сайхунободда барпо этилган мазкур комплекснинг аҳамияти янада катта. Корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий автоматлаштирилган технологиялар асосида ташкил этилган бўлиб, ишчи-хизматчиларнинг самарали меҳнат қилиши учун барча зарур шароитлар яратилган.
— Ҳозир сиз кўриб турган комплекс 200–230 минг бош жўжа парваришлашга мўлжалланган. Лойиҳанинг иккинчи босқичида паррандалар сонини янада ошириб, 400 минг бошга етказишни мақсад қилганмиз. Корхонамиз наслли паррандачилик йўналишида фаолият юритади. Бу ерда етиштирилган наслли тухумларни қўшни давлатларга экспорт қилишни режалаштирмоқдамиз, — дейди «ABDUL RAZAK OTA EXPORT» МЧЖ раҳбари Абдуллоҳ Воҳоб.
[gallery-31270]
Мажмуанинг экспорт салоҳияти ҳам юқори. Комплексда етиштириладиган ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг муайян қисми ташқи бозорларга йўналтирилиб, йилига 4 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт тушумини таъминлаш кўзда тутилган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 17 сентябрь куни Европа давлатларидан юқори маҳсулдор наслли жўжалар олиб келиниши режалаштирилган. Улар замонавий технологиялар асосида 20 ҳафта давомида парвариш қилинади. Шундан сўнг тухумчилик йўналишига ўтказилиб, наслли тухум етиштириш йўлга қўйилади.
Корхона раҳбарияти маълумотига кўра, келгусида мазкур комплексда йилига 35 миллион донагача тухум ишлаб чиқаришга эришиш мақсад қилинган. Етиштириладиган маҳсулотларнинг 70 фоизини қўшни давлатларга экспорт қилиш, 30 фоизини эса ички бозорга етказиб бериш режалаштирилмоқда. Бу бир томондан, аҳолининг сифатли тухум ва бошқа паррандачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, Сайхунобод туманининг экспорт салоҳиятини ошириш учун янги имкониятлар яратади.
— Мазкур лойиҳа доирасида 150 нафар ишсиз фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланди. Келгусида лойиҳанинг янада кенгайиши ҳисобига ишчилар сонини 250–300 нафарга етказишни мақсад қилганмиз, — дейди комплекс раҳбари Абдуллоҳ Воҳоб.
Лойиҳа ташаббускорлари фақат тухумчилик йўналиши билан чекланиб қолишни мақсад қилмаган. Айни пайтда парранда гўштини қайта ишлаш ва парранда учун озуқа ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, аҳоли билан кооперация асосида ишлаш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган. Унга кўра, хонадон эгаларига гўшт учун боқиладиган жўжалар етказиб берилади. Аҳоли уларни мутахассислар тавсияси асосида парвариш қилиб, белгиланган вазнга етказгач, тайёр маҳсулот корхона томонидан қайта сотиб олинади.
Бу тизим аҳоли учун қўшимча даромад манбаи яратиши билан бирга, хонадонбай тадбиркорлик ва кооперация муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилади. Корхона мутахассислари аҳолига паррандаларни тўғри парвариш қилиш, озиқлантириш ва маҳсулдорликни ошириш бўйича амалий кўмак кўрсатади.
Тайёр маҳсулот қайта ишланиб, ички бозорга етказиб берилади. Натижада аҳоли сифатли парранда гўшти билан таъминланади, кўплаб хонадонлар эса паррандачилик орқали қўшимча даромад олиш имкониятига эга бўлишади.
Йирик комплексларни барқарор ва самарали ишлатишда мустаҳкам озуқа базасини яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис инвестор томонидан парранда учун ем ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Жўхори ва буғдой каби асосий хомашёлар фермерлар ва аҳолидан харид қилинади. Бу маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун яна бир барқарор бозор яратиш имконини беради. Соя каби айрим маҳсулотлар хориждан олиб келинади, жўжалар учун зарур витаминлар ва вакциналар эса Европа давлатларидан импорт қилинади.
Режаларга кўра, Сайхунобод туманида 3 та ем ишлаб чиқариш цехи ташкил этилади. Ҳар бир цех соатига 20 тоннагача парранда учун тайёр ем ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Ушбу корхоналарда ҳам қўшимча иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Инвестор томонидан Сирдарё вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам йирик паррандачилик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хусусан, бундан тўрт ой аввал Сардоба туманининг «Равот» маҳалласида 200 минг бош товуққа мўлжалланган паррандачилик комплекси ишга туширилди.
Қиймати 15 миллион АҚШ долларини ташкил этган мазкур лойиҳа ҳам соҳани ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Шунингдек, Сардоба туманининг Пахтаобод ҳудудида ҳам бир қатор паррандачилик комплекслари ташкил этилган.
Маълум қилинишича, айни вақтга қадар инвестор томонидан тўртта йирик лойиҳа ишга туширилган бўлиб, Сайхунободдаги мазкур комплекс ушбу йўналишдаги навбатдаги йирик инвестиция лойиҳаларидан биридир.
Келгусида 2030 йилга қадар жўжа етиштириш қувватини 1 миллион бошга етказиш, тухум ва жўжа маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш мақсад қилинган.
Сайхунобод туманида амалга оширилаётган лойиҳалар фақат парранда етиштириш билан чекланмайди.
— Туманнинг «Фаровон» кичик саноат зонасида инвестор томонидан умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган «Паррандаларни сўйиш, қадоқлаш ҳамда музлатиш» лойиҳаси бўйича ҳам қурилиш ишлари олиб борилмоқда, — дейди туман ҳокими ўринбосари Ғайрат Холиқбердиев.
2027 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган мазкур корхонада йилига 50 минг тонна бройлер зотли парранда гўштини қайта ишлаш қуввати яратилади. Натижада қўшимча 30 та янги иш ўрни ташкил этилиб, парранда гўшти ва бошқа паррандачилик маҳсулотлари экспортини 1,1 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши парранда етиштиришдан тортиб, улар учун озуқа тайёрлаш, парранда гўштини қайта ишлаш, қадоқлаш ва тайёр маҳсулотни ички ҳамда ташқи бозорларга етказиб беришгача бўлган яхлит ишлаб чиқариш тизимини шакллантириш имконини беради.
Лойиҳа инвесторининг таъкидлашича, мамлакатимизда инвесторлар учун яратилаётган қулай муҳит, ишбилармонларга кўрсатилаётган амалий кўмак ва муаммоларни тезкор ҳал этиш тизими янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга катта рағбат бермоқда.
— Биз учун энг муҳими — ишлаш учун яратилган имкониятлар, барқарорлик ва тинчлик. Бугун Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда инвесторлар учун ҳар томонлама қулай ишбилармонлик муҳити яратилмоқда. Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ер ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, логистика масалаларини ҳал этиш ва зарур инфратузилмани яратиш бўйича амалий кўмак кўрсатилмоқда.
Муҳими, инвесторлар билан доимий мулоқот йўлга қўйилиб, улар дуч келаётган муаммоларга тезкор ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай қулай ва ишончли муҳит биз каби инвесторларни янги лойиҳаларни амалга оширишга, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга ундамоқда.
Шунинг учун ҳам биз Ўзбекистонда янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни давом эттирмоқдамиз. — дейди лойиҳа инвестори, афғонистонлик тадбиркор Абдул Ҳақ Абдураззоқ.
Унинг маълум қилишича, бугунги кунга қадар турли лойиҳалар доирасида 700 нафардан ортиқ аҳоли иш билан таъминланган. Йил охирига қадар яратилган иш ўринлари сонини 1 минг нафардан ошириш мақсад қилинган.
Шубҳасиз, «Янги ҳаёт» маҳалласида барпо этилган мазкур замонавий паррандачилик комплекси Сайхунобод туманининг иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Бир вақтлар самарасиз фойдаланилган ҳудуднинг бугун 20 миллион долларлик замонавий ишлаб чиқариш мажмуасига айланиши — юртимизда яратилаётган инвестиция муҳити ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Бу ерда яратилаётган янги иш ўринлари юзлаб инсонлар учун барқарор даромад манбаига айланади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар аҳоли дастурхонини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилса, экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшади.
Қувонарлиси, мазкур лойиҳа атрофида аҳоли, фермерлар ва тадбиркорларни бирлаштирадиган янги кооперация тизими шаклланмоқда. Маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, аҳоли билан кооперация асосида ишлаш, замонавий ем ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш, парранда гўштини қайта ишлаш ва экспорт қилиш — буларнинг барчаси Сайхунободда яхлит иқтисодий занжирни вужудга келтиришга хизмат қилади.
Кечагина қаровсиз ва самарасиз фойдаланилган ҳудудда бугун замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Эртага эса ушбу мажмуа нафақат маҳсулот ишлаб чиқарадиган, балки юзлаб инсонлар учун муносиб иш ўрни, кўплаб хонадонлар учун қўшимча даромад манбаи ва туман учун янги экспорт имкониятларини яратадиган йирик иқтисодий марказга айланиши шубҳасиз.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат-видео) ЎзА мухбири