Профилактика инспекторларига қўшимча ваколатлар берилади
Президентнинг 2026 йил 4 сентябрда "Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори (ПҚ–314-сон) қабул қилинди.
Қарорга кўра, ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлинмалари фаолияти ягона тизим асосида ташкил этилади.
Бунда фуқароларнинг мурожаат ва хабарларига тезкор муносабат билдириш, аҳоли билан очиқ ва бевосита мулоқот қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликка сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш устувор йўналишлардан бири бўлади.
Шунингдек, ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли профилактик ишларни кундалик асосда олиб бориш йўлга қўйилади.
Қарорда профилактика инспекторларининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, профилактика инспекторларининг ваколатлари кенгайтирилади.
Улар:
— ўз ваколати доирасида биринчи марта содир этилган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий огоҳлантириш қўллаши;
— маҳалла кўчалари ва йўлакларида йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий жазо қўллаши;
— туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарлари ваколатига кирувчи 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиши ва тегишли маъмурий жазо қўллаши мумкин бўлади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА