Саховатда янги имкониятлар маскани
Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги фақат ердан ҳосил олиш билан чекланиб қолмаяпти. Етиштирилган маҳсулотни чуқур қайта ишлаш, уни сақлаш, тайёр маҳсулот сифатида ички ва ташқи бозорларга чиқариш, шу билан бирга, ҳудудларнинг табиий ва иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиб, янги туристик масканлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан илгари сурилаётган янги иқтисодий ёндашувнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳам — ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларини ишга солиш, қишлоқ жойларда замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, аҳоли учун муносиб даромад манбалари ва янги иш ўринлари яратишдир.
Бухоро туманида амалга оширилаётган йирик лойиҳа ана шу эзгу мақсадларнинг ҳаётий ифодаси бўлмоқда.
Туманнинг Саховат маҳалласида қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ўзаро уйғунлаштирган замонавий агросаноат мажмуаси шаклланмоқда.
Мазкур ташаббус “Buxoro Agro Star” МЧЖ ва “Gala River” МЧЖ негизида ташкил этилган “O‘lmas Gold” МЧЖ томонидан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Лойиҳанинг кўлами ва қамрови эътиборни тортади. Бу ерда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, замонавий хизмат кўрсатиш ҳамда сайёҳлар учун қулай шароит яратишга мўлжалланган бир қатор объектлар барпо этилмоқда.

Айни пайтда пластик қутилар ишлаб чиқариш цехи фаолияти йўлга қўйилган. Бу эса корхонанинг ўз эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, маҳсулотларни замонавий қадоқлаш имкониятини ҳам кенгайтиради.
Шунингдек, шарбат ишлаб чиқариш цехи, 500 тонна сиғимга эга совутгичли омбор, ресторан, музей ва бошқа объектларда қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда.
Лойиҳанинг яна бир ўзига хос жиҳати бу ерда энотуризм маркази ташкил этилаётганидир.
Бухоро азалдан ўзининг қадимий тарихи, бетакрор меъморлиги, ҳунармандчилиги ва бой гастрономик мероси билан дунё сайёҳларини ўзига мафтун этиб келган. Энди эса ушбу салоҳиятга қишлоқ хўжалиги ва замонавий туризмнинг янги йўналишлари қўшилмоқда.
Марказ таркибида ресторан, музей ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиши режалаштирилган. Бу эса сайёҳга нафақат табиат ва қишлоқ хўжалиги жараёнларини кузатиш, балки миллий таомлар, маҳаллий маҳсулотлар ва ҳудуднинг ўзига хос маданий муҳити билан яқиндан танишиш имконини беради.
Лойиҳада замонавий технологиялар ва энергия тежамкор ечимларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ташриф давомида ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш, электр таъминотини яхшилаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Саховатдаги ушбу лойиҳанинг тўлиқ қувват билан ишга туширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилади. Маҳаллий аҳоли учун доимий ва муносиб даромад манбалари кўпаяди.
Энг муҳими, ҳудудда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш имкониятлари кенгаяди. Бу эса маҳсулотнинг қўшимча қийматини ошириш, фермер ва деҳқонлар меҳнатининг самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, туризм хизматлари кўламининг кенгайиши Бухоро туманининг сайёҳлик харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Лойиҳанинг амалга оширилиши Бухоро туманида иқтисодий фаолликни янги босқичга олиб чиқиши, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириши ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА