Сардобада замонавий оилавий шифокорлик пункти иш бошлади
Навоий вилояти Кармана туманининг Сардоба маҳалласида замонавий оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди.
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва ҳар бир фуқаро учун муносиб тиббий шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “инсон қадри учун” тамойили бугун ҳар бир ҳудудда, маҳаллада ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Замонавий тиббиёт муассасалари қурилиши, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва аҳолига сифатли тиббий хизматни яқинлаштириш ана шу эзгу мақсаднинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Қиймати 2 миллиард 400 миллион сўм бўлган мазкур иншоот замонавий тиббий стандартлар асосида қурилиб, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

Янги оилавий шифокорлик пункти 6,5 минг нафардан ортиқ аҳолига сифатли ва тезкор тиббий хизмат кўрсатади. Бу эса профилактика ишларини кучайтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Сардобада фойдаланишга топширилган янги оилавий шифокорлик пункти ҳам ана шу кенг қамровли ислоҳотларнинг яна бир амалий самарасидир. Бу каби лойиҳалар аҳоли фаровонлигини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва инсон саломатлигини энг олий қадрият сифатида таъминлашга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятли.
А.Бўриев, ЎзА мухбири