598 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди
Сув хўжалиги вазирлигида 2026 йилнинг биринчи ярми якунларига бағишланган очиқ ҳайъат мажлиси ўтказилди. Унда соҳада амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, эришилган натижалар сарҳисоб қилинди ҳамда иккинчи ярим йиллик учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
Очиқ ҳайъат мажлиси сув хўжалиги вазири, ҳайъат раиси Шавкат Ҳамроев раҳбарлигида ўтди. Унда вазирлик раҳбарияти, ҳайъат аъзолари, марказий аппарат ва тизим ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, ҳудудлардаги мутасаддилар видеоконференцалоқа орқали иштирок этди.
Қайд этилишича, биринчи ярим йилликда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда суғориш тармоқларини модернизация қилиш ҳисобига 5,1 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди. Жумладан, 598 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди, 134 минг гектарда кўчма эгилувчан қувурлар ва плёнка тўшаб суғориш усуллари қўлланилди. Шунингдек, 600 километр канал бетонлаштирилиб, 42 та ирригация ва 15 та мелиорация объектида қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланди.

Ҳисобот даврида соҳа объектларида қуёш энергетикаси лойиҳалари амалга оширилиб, 35,6 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. “Сув ҳисоби” ахборот тизими давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилиниб, далолатномаларни расмийлаштириш ва солиқ ҳисоб-китобларини автоматлаштириш имконияти яратилди.
Ҳайъат мажлисида Президентнинг тегишли фармонлари ижроси, раҳбарларнинг KPI натижалари ҳамда Давлат дастури доирасидаги ирригация ва мелиорация лойиҳаларининг бажарилиши муҳокама қилиниб, иккинчи ярим йилликдаги устувор вазифалар юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Н.Зиёдуллаева,
ЎзА