“Шатакка олиш” тизими маҳаллий корхоналарнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамламоқда
Бундан беш йил аввал комбинатнинг Навоий машинасозлик заводида саноат ярмаркаси ташкил этилиб, унда йирик саноат корхонасининг ўз қувватларида ихтиролар, рационализаторлик таклифлари ва инновацион ғоялар асосида ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш юзасидан кўргазма бўлиб ўтган эди.
Ушбу кўргазмада ўзлаштирилган, ўзлаштириш режалаштирилган ҳамда маҳаллий корхоналарда ўзлаштирилиши тавсия этилаётган импорт маҳсулотлари намойиш этилган эди. Кейинчалик маҳаллий корхоналарни “шатакка олиш” механизми доирасида технологик ҳамкорлик янада ривожланди.
Республикада биринчилардан бўлиб Навоий кон-металлургия комбинати томонидан амалиётга жорий қилинган мазкур механизм доирасида шу кунга қадар ҳамкор корхоналардан импорт ўрнини босувчи 200 турдан зиёд маҳсулотлар хариди амалга оширилди. Хусусан, сўнгги беш йилда кўплаб корхоналарни шатакка олиш натижасида янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилиб, комбинат эҳтиёжлари учун 3 триллион сўмлик маҳсулотлар харид қилинди.
– 2025 йилда шатакка олинган корхоналар томонидан 783 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берилди. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан қарийб уч баробарга ошган. Муҳими, мазкур корхоналарнинг иқтисодий кўрсаткичлари ҳам изчил юксалиб бормоқда, – дейди “НКМК” АЖ бўлим бошлиғи Улуғбек Санақулов. – Кўп йиллик ҳамкорларимиздан бири ҳисобланган “Гидро станко сервис” МЧЖдан кон-шахта жиҳозлари ва эҳтиёт қисмлари, “Навпромлитмаш” МЧЖдан кон-шахта жиҳозлари, фильтрлар ва пўлат қотишмалари, “Чилон Лубрикантс” МЧЖдан техник мойлар ҳамда реагентлар, “Навоий электрод завод” МЧЖдан графитланган электродлар, “Навоий электроремонт” МЧЖдан электродвигателлар ва ускуналар, “Евро Пром Лидер” МЧЖдан фильтрловчи матолар, “Карбон Полимер” МЧЖдан фторопласт ва полимер маҳсулотлари, шунингдек, бошқа турдаги маҳсулотлар харид қилинмоқда.
Мазкур механизмнинг самарали натижаларидан яна бири бу “шатак пирамидаси” бўлиб, шатакка олинган корхоналар энди ўзлари бошқа кичик корхоналарни шатакка олишни бошлашди. Ана шундай корхоналардан бири “Навпромлитмаш” корхонасидир.
2007 йилда ташкил этилган “Навпромлитмаш” масъулияти чекланган жамиятида ностандарт ускуналар ва бутловчи қисмлар, мис ва латун қувурлар, чўян қуйма металл маҳсулотлари каби ўнлаб бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, масъулияти чекланган жамиятда “Universal Filter” бренди остида саноат ва автомобиллар учун ҳаво ҳамда мой фильтрлари тайёрланмоқда. Бу маҳсулотлар импорт ўрнини босишга хизмат қилмоқда.

– Корхонамизда 2025 йилда 220 дан ортиқ маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, – дейди МЧЖ директори, “Дўстлик” ордени соҳиби Иброҳим Файзиев. – “Шатакка олиш” механизми бўйича комбинат билан ҳамкорликда ўтган йилда 400 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилди. Ишлаб чиқарилган жиҳозлар ва эҳтиёт қисмлар “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖдан ташқари “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Навоийуран”, “Навоийазот”, “Навоий иссиқлик электростанцияси” каби йирик саноат корхоналарига етказиб берилаётгани унинг ишончли ҳамкор сифатидаги нуфузини мустаҳкамламоқда.
Корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизация қилишнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастури доирасида кабель ўтказгичлар учун йилига 150 минг дона алюмин ва мис пойнаклар, саноат ва автомобиллар учун 300 минг дона ҳаво ҳамда мой фильтрлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Энг муҳими, янги иш ўринлари яратилди, йилига 249 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлди.

Хуллас, “Шатакка олиш” тизими маҳаллий корхоналарнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш билан бирга конструкторлик ва технологик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда янги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ҳам хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА