Саноат хавфсизлигини таъминлашда ўтган ярим йилда қандай натижаларга эришилди? (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, хавфли объектларда аварияларнинг олдини олиш, назорат самарадорлигини ошириш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, бу даврда саноат хавфсизлиги йўналишида 2 минг 37 та назорат ва 21 минг 960 та профилактика тадбири ўтказилган. Шунингдек, 14 та йўналишда 7 минг 21 та давлат хизмати кўрсатилган.
Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди. Тадбирда қўмита масъуллари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Унда қўмита раиси ўринбосари Сардорбек Ёқуббеков ва бошқарма бошлиғи Олимжон Жўраев соҳада амалга оширилаётган ишлар, назорат натижалари, рақамлаштириш жараёнлари, халқаро ҳамкорлик ҳамда келгусидаги вазифалар ҳақида маълумот берди.
– Қўмитамиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПФ-79-сон фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мустақил давлат органи сифатида ташкил этилган. Қўмитага саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат назоратини таъминлаш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини юритиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш вазифалари юклатилган.
Қўмита фаолиятининг асосий мақсади хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган. Амалга оширилган ишлар натижасига тўхталадиган бўлсак, радиация ва ядро хавфсизлиги йўналишида “РИТМ-200N” реактор қурилмали АЭСнинг 1 ва 2-энергоблокларини барпо этиш билан боғлиқ хавфсизлик ҳужжатлари баҳоланиб, 6 та ўрганиш ишлари амалга оширилди. Экспертиза хулосалари тайёрланиб, майдончадан фойдаланишга рухсатнома ҳамда АЭСни барпо этиш учун лицензия берилди.
Халқаро ҳамкорлик доирасида Атом энергияси халқаро агентлиги билан умумий қиймати 6,1 миллион евролик 3 та лойиҳа якунланди, 6,2 миллион евролик 8 та лойиҳа эса амалга оширилмоқда. Шунингдек, Хитой, Туркия ва Покистоннинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Шунингдек, бизнинг асосий вазифамиз қоидабузарлик содир этилганидан кейин чора кўриш эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган. Шу боис профилактика, хавфларни олдиндан баҳолаш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда халқаро тажрибани миллий амалиётга жорий этишга устувор аҳамият қаратяпмиз, – деди С.Ёқуббеков.
[gallery-30833]
Матбуот анжуманида аҳоли ҳаёти ва хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ бўлган лифтлар ҳамда аттракционлар хавфсизлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда яратилган “Хавфсиз лифт” электрон платформасига кўп квартирали уйлардаги барча 18 минг 32 та лифт ҳақидаги маълумотлар жамланган. Ўтган даврда 17 минг 144 та лифт техник кўрикдан ўтказилган, 4871 та янги ўрнатилган лифт давлат рўйхатига олинган.
Тадбирда назорат ва давлат хизматларини рақамлаштириш жараёнлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилганидек, 2025 йил ноябрь ойида ишга туширилган “Ягона интеграциялашган экотизим” ахборот тизимида 8 минг 374 та хавфли ишлаб чиқариш объекти ва 37 минг 168 та техник қурилманинг электрон базаси шакллантирилган.
Шу билан бирга, саноат хавфсизлиги соҳасида 21 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. Уларнинг 4 таси қонун, 15 таси Вазирлар Маҳкамаси қарори ва 2 таси идоравий ҳужжат лойиҳасидир. Ҳисобот даврида 8 та Вазирлар Маҳкамаси қарори ва 2 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат тасдиқланди.
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Олимжон Жўраевнинг маълум қилишича, бугунги кунда аттракционлар ва лифтлар хавфсизлигига оид талабларни янада аниқ ва тизимли белгилаш зарур.
–Шу мақсадда мазкур йўналишда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Сенатида дастлабки муҳокамалардан ўтказилди. Лойиҳада аттракционлар фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш, уларнинг мақомини белгилаш, операторларнинг вазифа ва мажбуриятларини аниқлаш, шунингдек, жавобгарлик масалаларини белгилаш назарда тутилмоқда. Аттракционлардан кенг жамоатчилик, жумладан, болалар фойдаланишини инобатга олсак, бу йўналишда хавфсизлик талабларини кучайтириш алоҳида аҳамиятга эга. Қонун лойиҳасида ижтимоий соҳада ўрнатилаётган лифтлар хавфсизлигига оид масалалар ҳам қамраб олинмоқда, – дея таъкидлади О.Жўраев.
Тадбир якунида иштирокчилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб, соҳада амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан қўшимча маълумотлар берди.
Насиба Зиёдуллаева,
Аслиддин Алижонов (сурат),
Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА