Маҳаллаларда хавфсизлик таъминланмоқда
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Чилонзор туманидаги бир қатор объектларда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Хусусан, Чилонзор туманида “Ақлли туман” платформаси ва Вазиятлар маркази фаолиятига бағишланган лойиҳалар тақдимотини кўриб чиқди.
Тақдимотда Вазиятлар марказининг имкониятлари, тегишли идоралар билан интеграцияси, ҳудуддаги вазиятни реал вақт режимида кузатиш, маълумотларни таҳлил қилиш ва улар асосида тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш механизмлари намойиш этилди.
Амалга оширилаётган ишлар, жорий этилаётган рақамли воситалар ва уларнинг аҳоли учун амалий аҳамияти ҳақида жамоатчиликка очиқ ахборот бериш мақсадида ташкил этилган тақдимотда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳудуддаги лойиҳалар, рақамлаштириш жараёнлари ва шаҳар бошқарувига оид саволларига жавоб берди.
Солиқ тушумлари ва яширин иқтисодиёт, коммунал соҳа, реновация, туризм кўчалари, бозорлар ва автотураргоҳлар ҳамда шаҳар ҳаётининг бошқа йўналишларини рақамлаштириш бўйича ишлаб чиқилаётган ечимлар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг ҳоким, Чилонзор туманидаги “Ботирма” МФЙ ҳамда Ал-Хоразмий кўчасида ташкил этилган 24/7 гастрономик масканда бўлди. Ушбу манзилдаги учрашув янги - “Ҳисобот, мулоқот, тақдимот” шаклида ташкил этилиб, унда 40 нафар МФЙ раиси ва фаол фуқаролар иштирок этди. Тақдимот давомида ҳудудларда “Хавфсиз ҳудуд” йўналишида амалга оширилаётган ишлар, жиноятчиликнинг олдини олиш ва маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, ҳудуддаги суғориш тизимини такомиллаштириш, намунавий мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ҳамда мавжуд шароитларни яхшилаш юзасидан лойиҳалар тақдимот қилинди. Мулоқот давомида маҳалла раислари ва фаол фуқаролар билан ҳудудлардаги мавжуд масалалар, уларнинг ечимлари ҳамда амалга оширилаётган ишларнинг амалий натижалари муҳокама қилинди.

Учрашув доирасида пойтахт ҳокими Боғзор маҳалласида бўлиб, ҳудуддаги замонавий когенерация подстанцияси фаолияти билан танишди. “Veolia Energy Tashkent” компанияси раҳбарияти ва масъул мутахассислар томонидан ўтган даврда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берилиб, тизим самарадорлигини ошириш ҳамда келгуси йилларга мўлжалланган режалар тақдим этилди.
Ҳудудда олиб борилаётган ишларнинг бугунги ҳолати, мавжуд масалалар ва уларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича кўзда тутилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Мулоқот давомида амалга оширилган ишларнинг натижалари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилиниб, белгиланган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Муҳокама давомида объектларни коммунал инфратузилмага улаш тизимининг тарқоқлиги масаласи ҳам кўтарилди. Шунингдек, “Очиқ осмон” дастури тажрибасидан келиб чиқиб, пойтахтда тўсиқсиз муҳит яратиш, шаҳар дизайн-кодига мос замонавий, эстетик ва ягона ечимларни жорий этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Коммунал инфратузилмани модернизация қилиш доирасида 7 йилга мўлжалланган, босқичма-босқич амалга ошириладиган ва умумий қиймати 2 миллиард еврони ташкил этувчи дастур ҳақида ҳам сўз юритилди.

Қайд этилганидек, дастур доирасида Европа тажрибасини жорий этиш, жумладан, индивидуал коммунал бошқарув пультлари тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Учрашувлар Чилонзор туманидаги "Савдо академияси" ўқув марказида давом этди. Бу ерда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, ходимларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда таълимни бевосита иш жараёни билан боғлаш бўйича йўлга қўйилган тизим тақдим этилди.
Таъкидланганидек, савдо академияси давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 февралдаги “Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида “Савдо ва сервис” уюшмаси ҳузурида нодавлат профессионал таълим ташкилоти сифатида ташкил этилган.
Марказнинг асосий вазифаси савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассисларни ягона касбий стандартлар асосида тайёрлашдир. Ҳозирда академияда сотувчи-кассир, новвой-тандирчи, гўштни парчалаш ва унга ишлов бериш мутахассиси ҳамда товаршунос йўналишлари бўйича лицензияланган қисқа муддатли малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил этилган.

Таълим дуал шаклда олиб борилади. Тингловчилар дастлаб академияда назарий ва амалий машғулотлардан ўтади, кейинги босқичда эса ўқишни бевосита иш жойидаги амалиёт билан давом эттиради. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган номзод ишга қабул қилиниб, бир вақтнинг ўзида академияда ўқишга йўналтирилади ва иш фаолиятининг биринчи кунидан бошлаб унга иш ҳақи ҳисобланади. Тақдимот давомида савдо ва сервис соҳасида ходимларни амалий кўникмалар асосида тайёрлаш, иш берувчиларнинг эҳтиёжларига мос кадрлар етиштириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган ёндашувлар ҳақида маълумотлар берилди.

Очиқ мулоқот Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Чилонзор тумани маҳалла фаоллари билан давом этди. Учрашув аввалида иштирокчиларга Тошкент шаҳри ва Чилонзор туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари тақдим этилди.
Жумладан, саноат корхоналари фаолиятини кенгайтириш, реновация дастурлари, ижтимоий соҳа объектлари, туризм ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, бюджет тушумларини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, ҳар бир рақам ортида минглаб инсонларнинг меҳнати, янги лойиҳалар ва пойтахтни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар мужассам. Учрашувнинг асосий қисми савол-жавоб ва очиқ мулоқот тарзида давом этди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Чилонзор тумани хавфсиз муҳитни таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш йўналишида Ички ишлар вазирлигига бириктирилган. Шу муносабат билан тадбир доирасида ички ишлар вазири томонидан туманда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан ҳисобот тақдим этилди.
Унда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, оғир ва ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида маълумот берилди. Кўрилган комплекс чоралар натижасида туманда жиноятчилик даражасини сезиларли камайтиришга эришилгани қайд этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА