Бўш иш ўринлари ва касб-ҳунарга ўқитиш ярмаркаси ўтказилди
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлаш чора-тадбирлари кучайтирилмоқда. Бунинг учун аниқ тизим ишлаб чиқилиб, масъул идоралар ҳам белгиланган.
Шу мақсадда, Яшнобод тумани ҳокимлиги ҳамда туманга бириктирилган “Микрокредитбанк” АТБ Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамкорлигида “BUILDEX TRAINING CENTER TASHKENT” МЧЖда бўш иш ўринлари ва қайта тайёрлов асосида касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ярмарка ташкил этилди.
Ярмаркада 10 та йирик корхона ва ташкилот томонидан 600 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди. Шунингдек, фуқароларга касб-ҳунар ўрганиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 2 та касб-ҳунар ўқув маркази жалб қилинди.
Тадбирда 150 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди. Ярмарка якунларига кўра, 4 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. 23 нафар фуқаро корхоналарга суҳбатга йўналтирилди. 4 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. 21 нафар фуқаро ишга кириш учун анкета тўлдирди. 2 нафар фуқарога касб-ҳунар ўрганиш учун ваучер берилди.
Бундан ташқари, 15 нафар фуқарога меҳнат муносабатлари ва ишга жойлашиш масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ҳамда зарур тушунтиришлар берилди.
Қайд этиш лозимки, бундай ярмаркалар аҳолининг бандлигини таъминлаш, фуқароларни муносиб иш ўринларига йўналтириш ҳамда замонавий касбларга ўқитиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА