Саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари ўрганилди
Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган саноат корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар сифати ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш масалалари ўрганилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги масъуллари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида тадбиркорларни қийнаётган муаммолар аниқланиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар белгиланди.
Хусусан, мутахассислар вилоятдаги “Ideal asr” МЧЖ, “Leon Universal group” МЧЖ, “Typloff” МЧЖ, “Diyorbek tuhfasi” МЧЖ ҳамда “Nilufar gul tarovati” МЧЖ корхоналарида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ва истиқболдаги лойиҳалар билан танишди. Ўрганишлар давомида корхоналарда халқаро стандартларни жорий этиш, бутловчи қисмларни расмийлаштириш, метрология ва техник жиҳатдан тартибга солиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Тадбиркорларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланди.

Шунингдек, "Diyorbek tuhfasi" МЧЖга ишлаб чиқараётган маҳсулотлари учун мувофиқлик сертификатини олиш масаласида амалий ёрдам кўрсатилди. Корхона вакилларига халқаро стандартларни жорий этиш, маҳсулотлар сифатини ошириш ҳамда тегишли талаблар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Мулоқотлар давомида Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–25-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда унинг ижроси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унда саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва сифат инфратузилмаси талабларига мувофиқ фаолият юритишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этиш жоизки, бундай ўрганиш ва амалий кўмаклар корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, маҳсулотлар сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бу каби ишларнинг изчил давом эттирилишидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш ва тадбиркорлик субъектларининг янги бозорларга чиқиши учун йўл очиш мақсади кўзланган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА