Самбо: жаҳон чемпионатида Ўзбекистон 3-ўринни эгаллади
Тошкентдаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида самбо бўйича катталар ўртасида ўтказилган тарихий 50-жаҳон чемпионатида 16 та медаллар шодасига эга чиққан мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари умумжамоада 3-ўринни эгаллади.
101 та мамлакатнинг 700 нафарга яқин самбочиси иштирокида ўтказилган муросасиз беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин, 5 та кумуш ва 9 та бронза медалига сазовор бўлди.

Ҳамюртларимиздан Мавлуда Абдуллаева (жанговар самбо) ва Ўлмас Райимов (кўзи ожизлар) олтин, Чарос Ортиқова (кўзи ожизлар), Шаҳзода Азатова (жанговар самбо), Лутфилла Сайдаматов (жанговар самбо), Исоқжон Абдураҳмонов (кўзи ожизлар), Феруза Бобоқулова (жанговар самбо) кумуш, Фароғат Нурмаматова (жанговар самбо), Азизабегим Нажимова, Насиба Бобоқулова (кўзи ожизлар), Баҳодир Бакиев (жанговар самбо), Шинар Ибраева, Мухлиса Турдиева, Санжар Аблакулов, Худоёр Иброҳимов, Ислом Носиров (жанговар самбо) ўз вазнларида бронза медалларини қўлга киритди.

Самбо беллашувларида 101 та терма жамоадан 25 таси совриндорлар қаторида қайд этилган бўлса, 18 та олтин, 3 та кумуш, 4 та бронза медалини жамғарган Россия терма жамоаси умумжамоада 1-ўринни эгаллади. 2-ўриндан жой олган Грузия терма жамоаси аъзолари 5 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалига сазовор бўлди. 2 та олтин, 5 та кумуш ва 9 та бронза медалига эгалик қилган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3-ўринни банд этди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА