Самарқандда ўтаётган Жаҳон саммити 70 дан ортиқ хорижий ОАВ томонидан ёритилмоқда
Самарқанд шаҳрида “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл” мавзусидаги Жаҳон саммити давом этмоқда.
Нуфузли халқаро анжуманда болалар фаровонлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги имкониятларни кенгайтириш ҳамда келажак авлод учун муносиб шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Саммит дунёнинг 70 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан кенг ёритилмоқда. Халқаро ахборот агентликлари, телеканаллар ва бошқа медиа вакиллари анжуман жараёнлари, муҳокама этилаётган масалалар ҳамда илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида жаҳон жамоатчилигига ахборот етказмоқда.
[gallery-32091]
Журналистларнинг самарали фаолият юритиши учун махсус матбуот маркази ташкил этилган. Бу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари саммитга оид янгиликларни тезкор ёритиш, ахборот материаллари тайёрлаш ва тарқатиш имкониятига эга.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА