Касалликка қарши куч — ҳамжиҳатликда
Туберкулёзга қарши курашиш фақат шифокорлар ёки тиббиёт муассасаларининг вазифаси эмас. Бу борада касалликни эрта аниқлаш, беморларни даволанишга жалб этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, жамоатчиликнинг фаол иштироки ҳам муҳим. Айниқса, маҳаллалар, давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамжиҳатликдаги ҳаракати касалликка қарши кураш самарадорлигини оширади.
Гулистон шаҳрида «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ташаббуси билан ташкил этилган ҳудудий давра суҳбатида ана шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Унда «Ўзбекистоннинг Фарғона, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида институционал ва жамоалар даражасида ҳаётий муҳим тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар сарҳисоб қилинди.
АҚШ Ҳукумати, Stop TB Partnership ҳамда БМТнинг Лойиҳаларга хизмат кўрсатиш бошқармаси (UNOPS) кўмагида амалга оширилаётган мазкур ташаббуснинг асосий мақсади туберкулёзни эрта аниқлаш, беморларни даволанишга жалб этиш, уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришдан иборат.
Фонднинг бу йўналишдаги фаолияти мазкур лойиҳа билан чекланмайди. Унинг кўп йиллик тажрибаси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва эҳтиёжманд қатламларга тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган кенг кўламли ишлар билан боғлиқ.
Жумладан, 2021 йил март ойидан 2024 йил сентябрига қадар АҚШнинг «Resource & Policy Exchange» нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда Жиззах, Сирдарё ва Фарғона вилоятларидаги силга қарши курашувчи тиббиёт муассасаларига умумий қиймати 325,8 минг АҚШ долларига тенг тиббий асбоб-ускуналар ва буюмлар етказиб берилди. Улар орасида стетоскоплар, тонометрлар, электрон термометрлар, электрокардиографлар, аудиометрлар ва бошқа зарур жиҳозлар бор. Шунингдек, фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари 1996–2026 йиллар давомида республика бўйлаб, жумладан, энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий кўриклар ташкил этиб, жами 6 миллион 238 минг 254 нафар аҳолини текширувлар билан қамраб олди. Бу тажриба аҳоли билан бевосита ишлаш, тиббий хизматларни чекка ҳудудларга етказиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш борасида фонднинг имкониятлари кенглигини кўрсатади.
[gallery-32755]
Давра суҳбатида «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси ўринбосари, лойиҳанинг миллий координатори Нозимжон Мўминов, фонднинг Сирдарё вилояти бўлими раиси Юлдуз Усмонова, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Алишер Ирисметов, вилоят соғлиқни сақлаш, оила ва хотин-қизлар бошқармалари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси, вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази, ОИТСга қарши кураш маркази вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Дастлаб Нозимжон Мўминов лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, шунингдек, амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, 2026 йилда учта пилот вилоятда мультидисциплинар жамоалар шакллантирилган. Уларнинг таркибига координаторлар, фтизиатр шифокорлар, ҳамширалар, психологлар, ижтимоий ва аутрич ходимлар жалб этилган. Мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш мақсадида ўқув тренинглари ташкил қилиниб, жамоалар зарур техника, мебель ва иш воситалари билан таъминланган.
Лойиҳа қамрови босқичма-босқич кенгайтирилиб, Сирдарё вилоятидаги Оқолтин тумани ҳам жамоалар фаолият юритадиган ҳудудлар сафига қўшилди. Бу аҳоли билан манзилли ишлаш, касаллик хавфи юқори бўлган гуруҳларни аниқлаш ва уларни тиббий кўрикларга йўналтириш имкониятларини кенгайтирди.
Тақдим этилган статистик маълумотлар амалий ишлар кўламини яққол намоён этди. Жумладан, 2026 йил апрель–октябрь ойларида учта пилот вилоятда 30 минг 905 нафар шахс сил касаллиги бўйича скринингдан ўтказилди. 8 минг 279 нафар фуқаро қўшимча ташхислаш учун йўналтирилди. Натижада касалликнинг 153 та ҳолати аниқланиб, 148 нафар бемор даволанишни бошлади.
Шунингдек, мобил рентген ускуналари ва компьютер ёрдамида таҳлил қилиш (CAD) технологияси қўлланилган 57 та скрининг акциясида 5 минг 896 нафар шахс текширувдан ўтказилди. Текширувлар натижасида сил касаллигининг 6 та, латент сил инфекциясининг 176 та ҳолати аниқланди. Тадбирлар давомида аҳолига касалликнинг белгилари, юқиш йўллари ва профилактика чоралари тушунтирилиб, фтизиатрлар ҳамда бошқа мутахассислар маслаҳатлари берилди.
— Ишонч билан айтишим мумкинки, бу борадаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади, — дейди «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси ўринбосари, лойиҳанинг миллий координатори Нозимжон Мўминов.
Сирдарё вилояти фтизиатрия ва пульмонология маркази директори Жонибек Пўлатов ҳудуддаги эпидемиологик вазият, касалликни аниқлаш ва даволаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.
Тақдимотда келтирилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида вилоятда сил касаллиги бўйича диспансер назоратида турганлар сони 446 нафарни ташкил этган. Бирламчи аниқланган беморлар 226 нафар бўлган. Шу даврда касаллик билан боғлиқ 5 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Мутахассис касалликни дастлабки босқичда аниқлаш, аҳолини профилактик кўрикларга жалб қилиш, дори воситаларига чидамли силни ўз вақтида ташхислаш ва беморларнинг даволаниш жараёнини мунтазам назорат қилиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, лабораторияларга балғам ва қон намуналарини етказиш логистикаси, молекуляр-генетик текширувлар имкониятлари ҳамда тиббий хизматларни рақамлаштириш режалари ҳақида маълумот берилди.
Сирдарё вилоятида мультидисциплинар жамоалар фаолиятининг натижалари ҳам эътиборга молик. 2026 йил апрель–сентябрь ойларида пилот ҳудудларда аниқланган сил ҳолатларининг 20,2 фоизи айнан шу жамоалар ҳиссасига тўғри келган. Бу кўрсаткич касалликка чалинганларни аниқлаш, аҳоли билан манзилли ишлаш ва беморларни тиббиёт муассасаларига йўналтиришда мазкур ёндашувнинг самарадорлигини кўрсатади.
Бироқ сил касаллигига қарши курашда ташхис қўйиш ва даволашнинг ўзи етарли эмас. Беморнинг даволаниш курсини тўлиқ ўташи, бу жараёнда руҳий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши ҳам муҳим.
Шу боис лойиҳа доирасида беморлар ва уларнинг оилалари билан психологик ҳамда ижтимоий йўналишда иш олиб борилмоқда. Психологлар ва ижтимоий ходимлар маслаҳатлари, қўллаб-қувватлаш гуруҳлари, беморлар мактаблари ва рағбатлантирувчи чоралар даволаниш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликларни енгишга қаратилган.
Муҳокамаларда касаллик атрофидаги нотўғри қарашлар, стигма ва камситиш ҳолатларига қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, беморни айблаш, ундан узоқлашиш ёки жамоадан ажратиш унинг даволанишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун маҳаллаларда тўғри тушунчани шакллантириш, оила аъзолари ва жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш, беморларга ҳурмат ва ҳамдардлик билан муносабатда бўлиш зарур.
Бу борада маҳалла, хотин-қизлар ташкилотлари, тиббиёт муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Аҳоли ўртасида мунтазам тушунтириш ишларини олиб бориш, касаллик ҳақидаги асоссиз хавотирлар ва нотўғри тасаввурларни бартараф этиш умумий мақсадга эришишга хизмат қилади.
Тадбир якунида лойиҳа доирасида тўпланган тажрибани кенгайтириш, эришилган натижалар барқарорлигини таъминлаш, профилактика ва ахборот-тушунтириш ишларини кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳаллий давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида билдирилган фикр ва таклифлар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: туберкулёзга қарши самарали курашиш учун шифокорларнинг билими ва тиббий имкониятлар билан бир қаторда, жамиятнинг ҳамжиҳатлиги, беморларга кўмак ва ҳар бир фуқаронинг масъулияти ҳам зарур.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА