Самарқанд вилоятида машинасозлик саноати ривожлантирилади
“Самарқанд вилоятида машинасозлик саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қуйидагилар мазкур қарорнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:
– Самарқанд вилоятида машинасозлик кластерини ривожлантириш, вилоят саноатида машинасозлик тармоғининг улушини 2030 йилгача 15 фоизга, саноатда қўшилган қиймат улушини 40 фоизга етказиш;
– мазкур қарорга мувофиқ ташкил этиладиган машинасозлик саноат зонасида йиллик 10 минг дона тижорат транспорт воситалари (юк автомобиллари, автобус, микроавтобус, пикап ва махсус транспорт воситалари, шу жумладан, электрда ҳаракатланувчи) ишлаб чиқариш қувватларини яратиш.
Қарорга кўра, Каттақўрғон тумани ҳудудининг 100 гектар ер майдонида Машинасозлик саноат зонаси ташкил этилади.
Машинасозлик саноат зонаси иштирокчилари сифатида фақат Н, М2, М3, О ва Л тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда улар учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этувчи корхоналар рўйхатдан ўтказилади.
Машинасозлик саноат зонасининг фаолияти “Самарқанд вилояти саноат зоналарини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси томонидан бошқарилади.
ЎзА