Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ республика бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлари ойлигининг иккинчи босқичи доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Жумладан, вазир Ургут туманидаги бозор ва савдо марказлари, маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишлар, жойларда олиб борилаётган профилактика тадбирлари билан танишиб, аҳоли ва масъуллар билан суҳбатлашди.


Шунингдек, ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳрида тунги вақтда ички ишлар органлари хизмат фаолиятини ҳам ўрганди.
***
Тошкент шаҳрида мезбонлик қилаётган 58-Халқаро кимё олимпиадаси (ICHO-2026) бошқарув қўмитаси аъзолари, жамоалар раҳбарлари, кузатувчилари ҳамда хорижлик меҳмонлар Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Меҳмонлар Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларда бўлиб, уларнинг бунёд этилиш тарихи, аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ҳақида маълумотларга эга бўлди.
Бу йилги 58-Халқаро кимё олимпиадасида дунёнинг 90 дан ортиқ давлатидан келган 1000 нафарга яқин ўқувчи иштирок этмоқда.
***
Юртимизда кузатилаётган аномал иссиқ кунларида вилоят туман ва шаҳарларидаги марказий кўчалар, боғ ва хиёбонлар, яшил ҳудудларга сув сепиш, тонгда ва тунги пайтда дарахтлар, майсаларни суғориш ишларини олиб борилмоқда.


Бунинг учун экология ва иқлим ўзгариши бошқарма, бўлимларига тегишли транспорт воситалари билан бирга ободонлаштириш, фавқулодда вазиятлар бўлимлари ва бошқа ташкилотларнинг махсус техникалари ҳам жалб этилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири