Аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликларини биринчи-иккинчи босқичларда аниқлаш даражаси 30 фоиздан 40 фоизгача оширилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, Республикада саратон касалликларини эрта аниқланиб, ташхислаш ва даволаш тизими халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади. Аҳолига кўрсатиладиган онкологик тиббий хизматлар сифати ва самарадорлиги оширилади, соҳа мутахассисларининг билим ва кўникмалари ривожлантирилади, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланади.
Қарорга мувофиқ, қуйидагилар саратон касалликларига қарши курашишнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) аҳолини энг кўп учрайдиган (бачадон бўйни, кўкрак бези, йўғон ичак, ошқозон, простата бези ва ўпка) саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар билан қамраб олиш кўрсаткичини камида 60 фоизга етказиш;
б) аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликларини биринчи-иккинчи босқичларда аниқлаш даражасини 30 фоиздан 40 фоизгача ошириш;
в) аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликларини учинчи-тўртинчи босқичларда аниқлаш даражасини 65 фоиздан 55 фоизга камайтириш;
г) энг кўп учрайдиган саратон касалликларига чалинган беморлар орасида 5 йиллик умр кўриш давомийлиги кўрсаткичини 35 фоиздан камида 45 фоизга ошириш;
д) ҳар 100 минг нафар аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликлари туфайли ўлимларни 5,1 кўрсаткичдан 3,7 га қисқартириш;
ж) саратон касалликларига чалинган барча беморларни замонавий технологиялар ёрдамида ташхислаш ва даволаш билан тўлиқ қамраб олиш.
Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Саратонга қарши курашиш миллий дастури асосида аҳоли ўртасида ошқозон, йўғон ичак (колоректал), ўпка ва простата бези саратони касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чора- тадбирлари ҳудудларда босқичма-босқич амалга оширилади.
Қуйидагилар Дастурнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:
а) аҳолининг саратон касалликлари хавф омиллари, дастлабки белгилари ва олдини олиш усуллари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш;
б) саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш тизимини қуйидагилар орқали такомиллаштириш:
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларининг онкологик ҳушёрлигини ошириш, саратон касалликларининг дастлабки белгиларини аниқлаш ва беморларни йўналтириш бўйича малакасини мустаҳкамлаш;
халқаро тавсияларга мувофиқ клиник қўлланмаларни қабул қилиш, онкология йўналишида мультидисциплинар жамоавий ёндашув ("Multidisciplinary Tumor Board") тамойилини жорий этиш;
аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликлари бўйича эрта ташхислаш дастурларини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич жорий этиш, шунингдек, тезкор ташхислаш йўналишларини ("Rapid Diagnostic Pathway") татбиқ этиш;
в) қуйидагилар ҳисобига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва ўлим ҳолатларини камайтириш:
нур терапияси хизматини модернизация қилиш, жумладан, кобальт қурилмаларини замонавий чизиқли тезлаткичларга босқичма-босқич алмаштириш ва юқори дозали брахитерапия имкониятларини кенгайтириш;
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиаллари диагностик инфратузилмасини мустаҳкамлаш, жумладан, патоморфология лабораторияларини модернизация қилиш ва ҳудудлараро молекуляр-генетик диагностика марказларини ташкил этиш;
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига мувофиқ ўсмага қарши дори воситаларини уч гуруҳли таснифлаш тизимини жорий этиш ҳамда биринчи гуруҳ (зарурий) дори воситалари билан узлуксиз таъминлашни давлат томонидан кафолатлаш;
онкология соҳасида тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш, ўқув жараёнида симуляцион технологияларни кенгайтириш ҳамда илмий фаолиятни такомиллаштириш.
ЎзА