2026-2027 йилларда балиқ маҳсулотлари етиштириш ҳажми 500 минг тоннага етказилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга кўра, сув ресурслари чекланган шароитда балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш, ягона бошқарув тизимини жорий этиш, балиқ маҳсулотлари турларини кўпайтириш, интенсив технологияларни кенг татбиқ этиш орқали балиқ етиштириш ҳажмини ошириш режалаштирилган.
Қуйидагилар мазкур Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) балиқчилик тармоғида ягона давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш;
б) 2026-2027 йилларда ҳудудлардаги мавжуд сунъий сув ҳавзаларини интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштириш орқали балиқ маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 500 минг тоннага етказиш;
в) 2027 йилдан бошлаб республиканинг тоғолди ҳудудларида совуқ сув балиқчилигини ривожлантириб, балиқ етиштириш қувватларини йилига 20 минг тоннага етказиш;
г) балиқчилик тармоғини ривожлантиришда сув объектларини шаффоф ижарага бериш механизмларини кенг жорий этиш;
д) балиқчилик тармоғида ишлаб чиқариш, ҳисоб-китоб ва мониторинг жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали бошқарув тизимини ҳамда тармоқ шаффофлигини таъминлаш;
ж) 2026-2027 йилларни республикада балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва балиқ етиштириш ҳажмини кескин ошириш, балиқчилик субъектларини давлат томонидан тизимли қўллаб-қувватлашнинг устувор даври деб белгилаш;
з) ҳар йили балиқчилик ва аквакультура йўналишида қўшимча 100 нафар кадр тайёрлаш ҳамда халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш.
Қарор билан Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Балиқчиликни ривожлантириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.
Қарор билан Балиқчиликни ривожлантириш марказининг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари тасдиқланди.
Икки ой муддатда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилган сув фонди ерларида балиқ етиштириш учун республикадаги барча сув омборлари, коллектор-дренаж тармоқлари ва табиий сув объектлари Марказга бепул ижарага берилади.
Қарор билан:
а) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2026-2027 йилларда балиқ етиштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари ва бириктирилган масъуллар рўйхати;
б) Балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш ҳамда табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича "йўл харитаси";
в) Балиқчиликни ривожлантириш марказининг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Қарор билан Сув хўжалиги вазирлигига интенсив усулда балиқ етиштирувчилар ва наслчиликка ихтисослашган балиқчилик хўжаликларини доимий, шу жумладан, куз-қиш даврида сув билан таъминлаш вазифаси юкланади.
Сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирувчилар ва наслчиликка ихтисослашган балиқчилик хўжаликлари кафолатланган сув билан таъминлаб борилади. Кафолатланган сув билан таъминлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари ҳар йили 15 январга қадар сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирувчилар ва наслчиликка ихтисослашган балиқчилик хўжаликлари тўғрисидаги маълумотларни (сув ҳавзаси майдони, манзили ва бошқалар) Марказга киритиб боради;
б) Марказ ҳар йили 30 январга қадар балиқ етиштирувчилар ва наслчиликка ихтисослашган балиқчилик хўжаликларининг сувга бўлган буюртманомалари асосида йил давомидаги сувга бўлган эҳтиёжи бўйича маълумотларни ойлар ва субъектлар кесимида шакллантирган ҳолда Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади;
в) Сув хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 мартга қадар шакллантирилган рўйхатга асосан сув манбаларини кўрсатган ҳолда сув олиш лимитларининг ойма-ой графигини тасдиқлайди. Балиқчилик хўжаликлари зиммасига сув сарфини реал вақт режимида ўлчаш имконини берувчи қурилмаларни ўрнатиш ва уларни Сув хўжалиги вазирлигининг ахборот тизими билан интеграция қилиш вазифаси юклатилади.
ЎзА