Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ургут тумани Тароқли маҳалласидаги Амир Темур номли оилавий поликлиниканинг 1978 йилда қурилган биноси ўрнида 3,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, иккинчи типдаги янги оилавий поликлиника ҳамда тез ёрдам шохобчаси бунёд этилди.
Замонавий қурилиш материаллари асосида қурилган муассасада тиббиёт ходимларининг самарали фаолият кўрсатиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Эндиликда ушбу маскан ҳудуддаги уч маҳалланинг 15 минг нафардан ортиқ аҳолисига янада сифатли ва тезкор тиббий хизмат кўрсатади.

***
“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танловининг вилоят босқичида туман(шаҳар) босқичида ғолиб бўлган мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарлари ва тарбиячилар иштирок этди.
Боғча раҳбарлари ва тарбиячилари касбий маҳоратини ошириш, илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш ҳамда тизимда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида ташкил этилган танловда “Энг намунали директор ўринбосари”, “Энг намунали тарбиячи”, “Энг яхши ўйин орқали таълим берувчи тарбиячи”, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи”, “Рақамли ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этувчи тарбиячи”, “Маънавий қадриятлар тарбиячиси”, “Ўйин орқали болаларни ривожлантирувчи ижодкор тарбиячи” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

***
Нуробод туманида туризмни ривожлантириш мақсадида учта мастер режа – “Нуробод тумани маркази”, “Нурбулоқ курорт шаҳарчаси” ва “Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи” лойиҳалари вилоят туризм бошқармаси ва туман ҳокимлиги масъуллари иштирокида муҳокама қилинди.

Ҳудуднинг барқарор ва инсон манфаатларига йўналтирилган ривожланишини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга кўра, туман марказини маъмурий ва сервис марказига айлантириш, Нурбулоқ курорт шаҳарчасида тиббий ва соғломлаштириш туризмини оммалаштириш, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳидан эса экотуризм ва зиёрат маркази сифатида фойдаланиш кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА