“Прокурор ва ёшлар” мулоқоти самарали ўтди
Сирдарё вилоятида ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий мулоқотлар изчил давом этмоқда. “Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган навбатдаги “Прокурор ва ёшлар” учрашуви ҳам ана шундай очиқ ва самимий мулоқот майдонига айланди.
Гулистон шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда Сирдарё вилояти прокурори Савид Иматов, вилоятдаги қатор масъул идора ва ташкилотлар раҳбарлари, таълим муассасалари вакиллари ҳамда 80 нафар фаол ёш иштирок этди.


Учрашув давомида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, ташаббус ва таклифларини тинглашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 18 нафар ёш томонидан прокуратура органларида “Очиқ эшиклар куни”ни ташкил этиш, ижтимоий фанлар бўйича “Прокурор кубоги” мусобақаларини йўлга қўйиш, ИД-карта расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш, мактаб ўқувчилари ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ота-оналар билан профилактик учрашувлар ташкил этиш каби муҳим таклиф ва мурожаатлар билдирилди.

Ёшлар томонидан кўтарилган масалаларнинг аксарияти жойида муҳокама қилиниб, 10 нафар иштирокчининг мурожаати ижобий ҳал этилди. Шунингдек, 4 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилди, қолган мурожаатларнинг ижросини таъминлаш бўйича масъул ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилди.

Тадбир давомида вилоят прокурори мактабда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари, замонавий таълим муҳити ҳамда “Face-ID” тизимининг ишлаш механизми билан яқиндан танишди. Ўқувчилар хавфсизлиги ва давомат назоратини таъминлашда рақамли технологияларнинг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири