Самарқанд болалар келажаги бўйича глобал мулоқот майдонига айланади
Шу йилнинг 21–22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл” мавзусида бутунжаҳон саммити ҳамда унинг доирасида II халқаро болалар онкологияси конгресси ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Zamin” халқаро жамоат фонди ва бошқа вазирликлар томонидан бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган саммитда 100 дан ортиқ мамлакатдан сиёсий етакчилар, вазирлар, экспертлар, бизнес вакиллари, фуқаролик жамияти, академик доира ҳамда болалар ва ўсмирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Ташкилотчиларнинг қайд этишича, бугунги кунда болалар глобал чақириқлар — можаролар, иқлим ўзгариши, иқтисодий беқарорлик ва ортиб бораётган тенгсизликнинг энг оғир оқибатларини ҳис қилаётган гуруҳлар қаторида турибди. Шу сабабли саммитда келажак авлод тақдирини белгиловчи муҳим йўналишлар муҳокама марказида бўлди.
Жумладан, саммит сессияларида болалар манфаатига йўналтирилган ижтимоий ҳимоя, болаларни ҳимоя қилиш ва интеграциялашган қўллаб-қувватлаш тизимларини ривожлантириш, қулай ва барқарор соғлиқни сақлаш тизими, болалар саратонига қарши кураш, эрта болалик ривожи ва инклюзив таълимда ҳамкорликдаги ечимлар мавзулари юзасидан фикр алмашиш, халқаро ва миллий тажрибаларни ўрганиш кўзда тутилган.
Саммит якунлари бўйича болалар фаровонлигига инвестиция қилиш бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири