“Саломатлик марафони”га старт берилди
Сирдарё вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга қаратилган “Саломатлик марафони”га тантанали старт берилди. Гулистон шаҳрида бошланган оммавий тадбир тиббий профилактикани кучайтириш, аҳолига сифатли тиббий хизматларни янада яқинлаштириш ҳамда жамоатчилик ўртасида соғлом ҳаёт тарзи маданиятини қарор топтиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни ўзида мужассам этди.
Марафон эрта тонгдан 5 минг метрлик оммавий юриш акцияси билан бошланди. Унда юзлаб фуқаролар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тиббиёт ходимлари ҳамда ёшлар фаол иштирок этиб, соғлом турмуш тарзи ғояларини қўллаб-қувватлади.
Гулистон шаҳридаги сўлим хиёбонда ташкил этилган очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, тиббиёт муассасалари раҳбарлари, соҳа фидойилари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Воҳид Худойқулов жорий йил бошидан буён барча шаҳар ва туманларда “Саломатлик марафони” доирасида кенг қамровли профилактик тадбирлар изчил ўтказилаётганини таъкидлади. Айниқса, чекка ҳудудларда ташкил этилган сайёр тиббий кўриклар орқали бугунга қадар 340 минг нафардан зиёд аҳоли малакали тиббий кўрикдан ўтказилгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, июль ойи якунига қадар Гулистон шаҳрида ҳам 78 минг нафардан ортиқ аҳолини тиббий кўриклар билан қамраб олиш режалаштирилган. Бу эса касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
[gallery-30623]
Тадбир давомида вилоят соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам атрофлича ёритилди. Хусусан, 2026 йилда соҳага ажратилган маблағлар 1 триллион 300 миллиард сўмга етказилиб, молиялаштириш ҳажми 1,5 баробарга оширилди. Дори-дармон таъминоти учун ажратилаётган маблағлар эса 19 баробардан зиёд кўпайиб, аҳолини сифатли тиббий воситалар билан таъминлаш имкониятлари кенгайди.
Юқори технологик жарроҳлик амалиётлари сони ҳам сезиларли ошди. Илгари 10 турда амалга оширилган мураккаб операциялар бугун 55 турга етказилди. Натижада имтиёзли тоифага кирувчи 1236 нафар беморда умумий қиймати 9,1 миллиард сўмлик юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.
Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунга қадар 39 та тиббиёт муассасасида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди, жорий йилда яна 13 та муассасада қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Давлат бюджети, маҳаллий бюджет ва халқаро ҳамкорлар маблағлари ҳисобидан юзлаб замонавий тиббий жиҳозлар тиббиёт муассасаларига етказиб берилди.
Шунингдек, вилоятда “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимининг ДМEД модуллари тўлиқ жорий этилди. Сентябрь ойида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий ситуацион марказ ташкил этилиши режалаштирилгани ҳам маълум қилинди.
Марафон доирасида аҳоли учун 22 та тор ихтисослик бўйича мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар бошланди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали шифокорлари, жумладан, тажрибали акушер-гинекологлар ҳомиладор аёллар учун бепул тиббий кўриклар ташкил этди. Кўриклар давомида бўлажак оналарнинг саломатлиги баҳоланиб, ҳомиладорликни соғлом ўтказиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни асраш ҳамда касалликларнинг олдини олиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим воқеаси сифатида тажриба-синов лойиҳасига жалб этилган Сирдарё туманидаги 11 нафар патронаж ҳамширасига хизмат скутерлари топширилди. Бу маҳаллаларда тиббий хизматнинг тезкорлиги ва патронаж тизими самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Марафон иштирокчилари учун соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб этувчи “яшил”, “сариқ” ва “қизил” дастурхонлар ташкил қилиниб, мутахассислар озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон саломатлигига таъсири ҳақида тушунтиришлар берди.
Энг муҳими, вилоят марказидан бошланган “Саломатлик марафони” бир ой давомида Сирдарёнинг барча шаҳар ва туманларида давом этади. Марафон минглаб аҳолини малакали тиббий кўриклар билан қамраб олиш, юқумли бўлмаган касалликларни эрта босқичларда аниқлаш, профилактика ишларини кучайтириш ва жамиятда соғлом турмуш тарзи маданиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА