Саҳнада — “Адолат фасли”
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрида намойиш этилган “Адолат фасли” спектакли санъат ихлосмандларида катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим асари асосида саҳналаштирилган мазкур тарихий драмани режиссёр Фарҳод Болтаев саҳналаштирган бўлиб, саҳна безаклари рассом Хайрулла Чоршанбиев томонидан яратилган.
Спектаклда буюк давлат арбоби ва саркарда, Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти, унинг адолатпарварлик тамойиллари, давлат бошқарувидаги қарашлари ҳамда юрт тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатлари бадиий талқин этилган.
Кучли драматургия, таъсирчан саҳна ечимлари ва актёрларнинг маҳоратли ижроси томошабинларни тарих саҳифалари бағрига етаклаб, асар ғоясининг таъсирчанлигини янада оширди.
[gallery-30037]
Спектакль намойишида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, нуронийлар, маданият ва санъат намояндалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Бадиий жиҳатдан юксак баҳоланган саҳна асари миллий тарихимизда муҳим ўрин тутган давр воқеаларини ёдга солиб, аждодлар меросига ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Томошабинлар эътирофига кўра, “Адолат фасли” тарихий хотира, адолат ва ватанпарварлик ғояларини тарғиб этувчи муҳим маданий воқеалардан бири бўлди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА