Муаммолар юзма-юз ўрганилди
Тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритиш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат томонидан тақдим этилаётган имконият ва енгилликларни кенг тушунтириш бугунги иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Сирдарё вилоятида кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирокида очиқ мулоқотлар, амалий семинарлар ва сайёр учрашувлар изчил ташкил этилмоқда.
Навбатдаги ана шундай мулоқот Ховос туманида бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлар, солиқ органлари масъуллари ҳамда қатор давлат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди. Учрашувнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш, уларни қизиқтираётган масалаларни бевосита ўрганиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Тадбир давомида солиқ органлари фаолиятида устувор аҳамият касб этаётган “текширувдан — сервисга” тамойилининг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда тадбиркорларга нисбатан назоратдан кўра хизмат кўрсатиш, маслаҳат бериш ва амалий кўмаклашиш устувор вазифага айланмоқда.
Семинарда солиқ маъмуриятчилигини янада соддалаштириш, рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятлари, ҳисобот топшириш жараёнларини енгиллаштириш ҳамда қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, ортиқча қоғозбозликни қисқартириш, тадбиркорларнинг вақт ва маблағини тежашга хизмат қилувчи янги механизмлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Бугунги кунда солиқ хизмати органларининг асосий вазифаси тадбиркор учун ишончли ҳамкор ва маслаҳатчи бўлишдан иборат. Шу боис ҳар бир мурожаатни диққат билан ўрганишга, тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Айрим ҳолларда кичик бир масаланинг ҳал этилиши тадбиркорлик фаолияти ривожига катта туртки бериши мумкин. Бизнинг мақсадимиз — тадбиркорларнинг вақти ва маблағини тежаш, уларнинг қонуний ва самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит яратишдир, – дейди Сирдарё вилояти солиқ бошқармасининг бўлим бошлиғи Илғор Халилов.

Очиқ мулоқотнинг энг муҳим жиҳати шунда бўлдики, ҳар бир тадбиркор ўзини қийнаётган муаммо ва таклифларини бевосита масъулларга етказиш имкониятига эга бўлди. Савол-жавобларга бой ўтган учрашувда солиқ ҳисоботлари, электрон хизматлардан фойдаланиш, мавжуд имтиёзлардан самарали фойдаланиш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар бўйича тезкор чоралар кўрилди, қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар эса тегишли тартибда назоратга олинди.

Мазкур очиқ мулоқотлар биргина Ховос тумани билан чекланиб қолмаяпти. Хусусан, бундай учрашув ва амалий семинарлар Оқолтин, Мирзаобод ва Боёвут туманларида, шунингдек, вилоят солиқ бошқармасида ҳам ташкил этилди. Учрашувлар давомида юзлаб тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари ўрганилиб, уларнинг аксарияти бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқилди. Айни пайтда бу каби мулоқотлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом эттирилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири