Рушанабону Исаева - олтин медаль соҳиби
Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида ўтказилаётган ёшлар ўртасидаги IV ёзги Олимпия ўйинларида спортчиларимиз 12 ноябрь куни ўтказилган беллашувларда 2 та олтин ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Жумладан, бокс бўйича қизлар ўртасида -60 кг. вазн тоифасида финалга чиққан Рушанабону Исаева ҳал қилувчи баҳсда словакиялик Каролина Колларовага қарши рингга кўтарилди. Муросасиз кечган жангда ҳамюртимиз 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Олимпия ўйинлари чемпионига айланди.
Бундан аввалроқ яна бир вакилимиз Сабрина Чакомонова -54 кг. вазн тоифасидаги финал баҳсида колумбиялик Салас Трежосни мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлган эди.
Эътиборлиси, Рушанабону Исаева ва Сабрина Чакомонова ўзбек бокс тарихида қизлар ўртасида ёшлар Олимпиадасининг илк чемпионлари сифатида тарихга кирди.
Шунингдек, қиличбозликнинг сабля йўналишида қизлар ўртасидаги баҳсларда Наргиза Утебаева бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, «Дакар-2026» ёшлар Олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 8 тага етди. Ҳозирга қадар спортчиларимиз 2 тадан олтин ва бронза ҳамда 4 та кумуш медални қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА