Нигина Собирова ўз вазнида тенгсиз
Пойтахтимизда ўтаётган спорт курашлари бўйича Ўзбекистон чемпионатининг аёллар кураши дастурида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган спортчилар орасида ўнта вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Жумладан, 62 килограммгача вазн тоифасида Нигина Собирова сўнгги ҳал қилувчи финал беллашувида Мавлуда Калбаевани таслим этган ҳолда мамлакат чемпионига айланди. Нилуфар Отемисова эса ушбу вазнда учинчи бўлди. -50 килограмм вазнда Шоҳиста Шоназарова тажрибали курашчимиз Актенге Кеунимжаевани мағлубиятга учратди ва олтин медаль билан тақдирланди. Нилуфар Нурмуҳаммадова кучли учликдан жой олди.
-53 килограммда Соҳибжамол Эсбосинова олтин медалга сазовор бўлди. Меҳрибону Қудайназарова кумуш медални қўлга киритган бўлса, наманганлик Маҳлиё Эгамбердиева бронза медалига эга чиқди. -55 кг. вазн тоифасида Сандуғаш Женбаева, Дилшода Матназарова ҳамда Айсанем Қурбонаева шоҳсупага кўтарилди. Вазни 57 килограммгача бўлган Улмекен Эсенбаева барча рақибларини мағлубиятга учратиб, Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. -59 килограммда Сарбиназ Жиенбаевага тенг келадигани топилмади.

Шунингдек ўз вазнларида Муҳайё Раҳимжонова (65 кг), Светлана Оқназарова (68 кг), Севинчой Полвонова (72 кг), Озода Зарипбоева (76 кг) каби курашчи қизларимиз шоҳсупанинг энг юқори поғонасини банд этди.
Бугун, 13 ноябрь куни мамлакат биринчилигининг эркин кураш баҳсларига старт берилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА