Дзюдо: “Zagreb Grand Prix 2026”нинг бугунги беллашувларида Диёра Келдиёрова қатнашади
Бугун, 13 ноябрь куни Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида дзюдо бўйича "Лос-Анжелес-2028" Олимпиадаси йўлида рейтинг баллари тақдим этадиган “Zagreb Grand Prix 2026” турнири бошланади.
Мусобақанинг илк кунги беллашувларида эркаклар -60, -66, аёллар -48, -52 ва -57 килограмм вазн тоифаларида совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Бугунги беллашувларда терма жамоамиз аъзоларидан Азизбек Ортиқов (-66) ва Париж Олимпиадаси чемпиони Диёра Келдиёрова (-52) кураш олиб боради.

Кеча мусобақа учун ташланган қуръа натижаларига кўра, "Zagreb Grand Prix 2026”нинг бугунги беллашувларида Диёра Келдиёрова қозоғистонлик Аружан Ережепова билан, Азизбек Ортиқов Фелипе Дакруз (Ливан) ва Абдераҳман Боушита (Марокаш) қарама-қаршилигининг ғолиби билан тўқнаш келади.
Дунёнинг 68 та давлатидан 476 нафар маҳоратли дзюдочилар иштирокида бошланаётган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси қатнашмоқда.
Халқаро турнир баҳслари 15 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА