Россия ва Европа ўртасида уруш хавфи борми? (+видео)
Россия ва Европа давлатлари уруш эҳтимоли ҳақида тобора кўпроқ гапирмоқда. Европа Иттифоқи эҳтимолий можарога тайёргарлик кўра бошлади, Москва эса уруш "жуда қисқа давом этиши мумкин" дея огоҳлантирмоқда. Мазкур тўқнашув нимадан бошланиши мумкин? TRT канали вазиятни таҳлил қилган.
– Европа ҳудудига ҳужум қилиш ниятимиз йўқлигини бир неча бор айтганмиз, – деди РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров. – Бунга ҳеч қандай қизиқиш йўқ. Мабодо русларга қарши урушга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида ҳар куни гапираётган Европа бизга ҳужум қилса, бу бутунлай бошқа уруш бўлади ва жуда қисқа давом этади.
Москва кўҳна қитъа билан қарама-қаршилик изламаётгани, шунга қарамасдан Ғарб Россияни тийиб туриш йўлидан юраётганига эътибор қаратиб, мисол сифатида НАТО РФ чегараларига “жуда қатъий ва босим билан яқинлашиб келаётгани”ни келтирган.
ЕИда эса аксинча русларнинг ҳаракати аллақачон Украина ҳудудидан ташқарига чиққан, Европа давлатлари ҳудудига ҳам бевосита таъсир қилмоқда, деган фикр бор. Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа парламентидаги йиллик нутқида кибер ҳужум, қўпорувчилик ҳаракати, ўт қўйиш ҳолати ва дронлар қитъа ҳудудига кириб келишини эслатиб, мисол тариқасида Лейпцигда дрон орқали содир этилган ҳужумни келтирди. Германия расмийлари бу ҳужум учун Россияни жавобгар ҳисоблаган.
Умуман, Германия эҳтимолий оғир сценарийга тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакат ҳукумати НАТОнинг шарқий қанотида жиддий ҳарбий можаро юз берган тақдирда соғлиқни сақлаш тизими қандай ишлаши кераклигини текширмоқда. Таранглик кучайиб бораётганига қарамай, экспертлар Россия ва НАТО ўртасида бевосита уруш бўлиши мумкин, деб ҳисобламайди.
Украина Сиёсат институти директори, сиёсатшунос Руслан Бортник айни можаро эҳтимолини тахминан 10 фоиз баҳолади.
Бу борада бир неча эҳтимолий вазият фараз қилинмоқда:
Россияга қарашли, ЕИ давлатлари қуршовида жойлашган Калининград атрофида вазият кескинлашиши ва Европа кучлари ушбу минтақани эгаллашга уриниши;
Беларусь атрофида вазият кескинлашиб, Польша билан чегарада ёки Болтиқ бўйи давлатлари билан боғлиқ таранглик юзага келиши;
Уруш қандайдир иғво, номаълум дронлар ҳужуми ёки қўпорувчилик ҳаракатидан бошланиши. Эксперт фикрича, Украина билан можаро ривожланиши ҳам вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, Тайвань атрофидаги уруш, Яқин Шарқдаги вазият ёки Африкадаги можаро Россия ва Европа манфаатлари бевосита тўқнашувига олиб келиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Кавказ ҳам хавфли ҳудуд. Масалан, Арманистон билан муносабат кескинлашса, ҳолат қуролдан фойдаланиш даражасигача етади. Бинобарин, Бортник таъкидлашича, ҳатто бир марта содир бўлган тўқнашув уруш бошланганини англатмайди. Масалан, аввал РФ ва Туркия ҳарбийлари ҳам тўқнаш келган. Томонлар мулоқотни тўхтамагани сабаб вазият кенг кўламли урушга айланмаган.
Хуллас, мулоқот тўхтасагина, уруш бошланиши эҳтимоли пайдо бўлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RmJDVmzpzuQ" title="Rossiya va Evropa o`rtasida katta urush xavfi bormi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, ЎзА