Россия ва Эрон “Решт Астара” темир йўли бўйича янги келишувга эришди
Россия ва Эрон Шимол – Жануб халқаро транспорт йўлагининг муҳим қисми бўлган Решт – Астара темир йўли лойиҳасида навбатдаги қадамни ташлади. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берган.
Томонлар россиялик мутахассисларга 162 километрлик бутун йўналиш бўйлаб муҳандислик-қидирув иши олиб бориш имконини берувчи ҳужжатлар тўпламини имзолади. Бу ҳақда Россия Бош вазири ўринбосари Андрей Никитин маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа учун ажратилган майдон аллақачон РФ томонига топширилган, янги битим изланиш кўламини тўлиқ қамраб олиш ва зарур ишларни бажариш муддатини мувофиқлаштиришга имкон беради.
Ҳозиргача рус мутахассислари ҳудудда таянч геодезик тармоқ яратиб, аэрофотосуратга олиш амалиётини якунлаган. Айни пайт топографик ва гидрометеорологик қидирув давом этяпти. Битим лойиҳалаштириш ва тайёргарлик жараёнини тезлатади, сўнгра қурилиш бошланади.
Решт – Астара чизиғи “Шимол – Жануб” йўлаги ғарбий қисмида етишмаётган сўнгги халқани тўлдириши билан алоҳида аҳамиятга эга. Озарбайжон орқали ўтувчи бу йўл РФ ва ЭИР темир йўл тармоғини ўзаро боғлаб, Форс кўрфази портларига бевосита ва узлуксиз чиқишни таъминлайди.
Ушбу объектни қуриш бўйича ҳукуматлар аро битим Москва ва Теҳрон ўртасида 2023 йил имзоланган. Қиймати 1,6 миллиард евролик мазкур лойиҳанинг 1,3 миллиард евроси Россия томонидан давлат кредити шаклида ажратилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА