Роботлар янги вазифаларни ўзлаштирмоқда
Роботлар мусиқа чалиб, рақсга тушиши, тўрт оёқли роботлар эса мураккаб тўсиқлардан ошиб ўтиши бугунги технологиялар имкониятини намоён этмоқда. Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида иш бошлаган илк 9S робототехника маркази сунъий интеллект ва роботларни нафақат намойиш этиш, балки таълим, илмий изланишлар ҳамда ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мослаштиришга қаратилгани билан эътиборни тортмоқда.
“China News Service” ахборот агентлиги маълум қилишича, Урумчи иқтисодий-технологик ривожланиш ҳудудида жойлашган мазкур марказ бир ойдан ортиқ вақтдан буён фаолият юритмоқда. Унинг умумий фойдаланиш майдонини 3 минг квадрат метрга етказиш режалаштирилган бўлиб, лойиҳа икки босқичда амалга оширилади.
Хитойнинг айрим шаҳарларида роботларни сотиш, эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш, сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш, фойдаланувчилар фикрини ўрганиш, ижарага бериш ва буюртма асосида мослаштириш хизматларини бирлаштирган 6S марказлари ташкил этилган. Шинжондаги янги марказ эса бу йўналишларга илмий-маърифий экскурсиялар, технологик инновациялар соҳасида иқтидорли ёшларни тайёрлаш ва брендларни ривожлантириш вазифаларини ҳам қўшган.
Бугун марказда одамсимон ва бионик роботлардан иборат 100 дан ортиқ дона интеллектуал қурилма ҳамда техника намуналари жойлаштирилган. У 25 та технологик компания ва ташкилот билан ҳамкорлик ўрнатган.
Марказ фаолиятида ёшларнинг замонавий технологияларга қизиқишини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шинжонда магистратурада таҳсил олаётган, Фуцзянь провинциясидан келган Лю Цзюньлиньнинг таъкидлашича, илмий-маърифий машғулотлар давомида у Хитой робототехника саноатининг ривожланиш тарихи билан танишиш баробарида, турли роботларни мустақил бошқариб кўриш имконига ҳам эга бўлган. Электрон ахборот технологиялари йўналишида таҳсил олаётган талаба учун бу тажриба муҳим аҳамият касб этган.

Марказ фаолияти фақат кўргазма ва таълим билан чекланмайди. Жорий йилги Хитой Халқ Республикаси ташкил топган кун муносабати билан берилган байрам ва дам олиш кунларида Урумчидаги Халқ театри саҳнасида одамсимон роботлар актёрлар билан биргаликда спектакль намойиш этган. Технология ва маданий томошаларни уйғунлаштирган ушбу тажриба мингдан зиёд томошабинни жалб қилган.
Лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 50 мингдан ортиқ ташриф буюрувчини қабул қилиш, 10 мингдан зиёд мактаб ўқувчиси учун таълимий экскурсиялар ташкил этиш кўзда тутилган. Марказ асосчиси Сунь Сюкуньнинг айтишича, муассаса сунъий интеллект ҳақидаги билимларни оммалаштириш ва ёшларни технологик инновациялар соҳасида тайёрлаш учун муҳим майдонга айланиши кутилмоқда. Айни пайтда Шинжондаги бир қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига эътибор қаратилмоқда.
Шинжон молия-иқтисодиёт университети ахборот бошқаруви факультетининг сунъий интеллект кафедраси мудири ўринбосари Салайдин Сиражидиннинг фикрича, марказ нафақат техник жиҳозлар, балки мутахассислар ва интеллектуал салоҳиятни бирлаштирувчи майдон ҳамдир. Бу эса соҳа вакилларининг янги ишланмалар яратиши ва инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этишига кўмаклашади.
Марказнинг айнан Шинжонда ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Лойиҳа асосчиси таъкидлаганидек, минтақада саноат ва қишлоқ хўжалиги каби тармоқларда роботлардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар, шунингдек, электр энергияси ва ҳисоблаш қувватлари билан боғлиқ инфратузилма мавжуд. Келгусида роботларга техник хизмат кўрсатиш стандартларини ишлаб чиқиш, операторларни тайёрлаш ва сертификатлаш йўналишларини ривожлантириш ҳам режалаштирилган. Бу орқали Хитой робототехника маҳсулотлари, хизматлари ва стандартларини Марказий Осиё бозорларига олиб чиқиш мақсад қилинган.
Марказнинг иккинчи босқичида роботлардан энергия инфратузилмасини назорат қилиш, ақлли қишлоқ хўжалиги ва сайёҳларга йўл-йўриқ кўрсатиш каби соҳаларда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мўлжалланган. Шунингдек, роботларни маҳаллий шароитга мослаштириш, уларнинг дастурий ва техник ечимларини такомиллаштириш ҳамда амалиётга кенг жорий этишга эътибор қаратилади.

Умуман, Шинжондаги ушбу ташаббус робототехника ривожида фақат янги қурилмалар яратиш эмас, балки уларни таълим, иқтисодиёт ва кундалик ҳаётга татбиқ этиш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда хизмат кўрсатиш тизимини шакллантиришга интилиш кучаяётганини кўрсатади. Марказнинг келгусида Марказий Осиё бозорларига чиқиш режаси эса минтақада робототехника, сунъий интеллект ва технологик хизматлар соҳасида халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар пайдо бўлиши мумкинлигини англатади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА