Римда тажриба оширишди
Сайхунобод туманидан тўрт нафар малакали шифокор жорий йилнинг 2–12 март кунлари Италия давлатининг Рим шаҳрида гинекология ва гинекологик эндокринология соҳалари бўйича ўтказилган ISGE 2026 International Congressда иштирок этиб, илғор халқаро тажрибани ўрганиб қайтди. Мазкур анжуман аёллар саломатлиги, гинекологик эндокринология ҳамда замонавий жарроҳлик усулларига бағишланган нуфузли илмий майдон ҳисобланади.
Хизмат сафари доирасида Рим шаҳрида бўлган туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари А. Валижонов, онкогинеколог В. Абдусаматова, анестезиология ва реанимация бўлими мудири Х. Рашидов ҳамда акушер-гинеколог Ж. Рашидовлар халқаро конгресс доирасида ўтказилган илмий маърузалар, амалий машғулотлар ва симпозиумларда иштирок этишиб, замонавий диагностика ва даволаш усуллари бўйича ўз билимларини бойитишди.

— Маълумки, ISGE халқаро конгресси гинекологик эндокринология соҳасидаги энг йирик илмий анжуманлардан бири бўлиб, у дунё бўйлаб етакчи мутахассислар, олимлар ва амалиётчи шифокорларни бир майдонга жамлайди, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари А. Валижонов. — Унда илғор технологиялар, минимал инвазив жарроҳлик, репродуктив саломатлик ва гормонал бузилишларни даволашга оид энг сўнгги ютуқлар муҳокама қилинади. Шу жиҳатдан, конгресс халқаро тажриба алмашиш, янги илмий йўналишларни белгилаш ва тиббиёт амалиётини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Конгресс давомида сайхунободлик шифокорлар аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини самарали ташкил этиш, шунингдек, реанимация хизматларини такомиллаштириш бўйича илғор ёндашувлар билан яқиндан танишдилар. Халқаро экспертлар билан мулоқотлар эса уларга касбий тажрибани янада бойитиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имконини берди.

— Энг муҳими, ушбу хизмат сафари давомида орттирилган билим ва кўникмалар Сайхунобод туманида тиббий хизматлар сифатини ошириш, замонавий тиббий технологияларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейди А. Валижонов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири