Республика олимпиада захиралари теннис мактабини бошқариш функцияси Ўзбекистон теннис федерациясига топширилди
2026 йилнинг 21 сентябридаги “Теннис спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, Спорт вазирлигининг Республика олимпиада захиралари теннис мактабини бошқариш функцияси амалдаги молиялаштириш тартиби сақлаб қолинган ҳолда Ўзбекистон теннис федерациясига топширилди.
Шунингдек, Федерацияга мактаб фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларини белгилаш, раҳбар кадрларни тайинлаш ҳамда унинг молиявий ва стратегик ривожланиш дастурларини тасдиқлаш ваколатлари берилди.
Мактаб фаолиятини янада ривожлантириш доирасида хорижий мутахассис ва тренерларни жалб этиш, замонавий тайёргарлик усулларини жорий қилиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, шунингдек, 2027 йилдан бошлаб мактаб базасида ITF халқаро мусобақаларини ўтказиш кўзда тутилган.
Мазкур қарор ёш иқтидорларни аниқлаш ва профессионал тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон теннисининг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА