Реклама ва эълонлар давлат тилида берилиши керак
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилиши белгиланган. Шу билан бирга реклама мазмунининг таржимаси маълум бир қоидаларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин. Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин.
Аммо амалиётда ҳамма вақт ҳам бу талабларга риоя этилмаётганини кўрамиз. Шаҳарлар ва ҳатто, қишлоқ жойларида реклама ва эълонлар бошқа тилларда, имло қоидалари бузилган ҳолда берилганига ҳар қадамда дуч келамиз. Маҳсулотлар ёрлиқларидаги хатоларгаку кўникиб қолдик.
Маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни ҳамда соҳага оид бошқа қонунчилик аҳволи ўрганилганда вилоят ҳудудларидаги 920 та ташқи ёзувлар, лавҳа, эълон, рекламалар ва бошқа кўргазмали ахборот матнларини жойлаштиришда “Давлат тили ҳақида”ги қонун ва ўзбек тилининг асосий имло қоидаларига риоя этилмаганлиги аниқланган. Шунингдек, 102 ҳолатда ўрнатилган ташқи рекламалар одоб-ахлоқ қоидаларига мос эмаслиги қайд этилган.
– Ўрганишлар соҳада ўз ечимини кутаётган қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатди, – дейди Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Хуршид Мусурмонов. – Рекламани тайёрлаш, жойлаштириш, тарқатиш, номақбул реклама бериш ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган бошқа махсус талаблар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳам етарли даражада эмас. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш учун тегишли идораларга тақдимномалар киритилди, қонун талабларига зид ёки номақбул 920 та реклама матнлари олиб ташланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири