Рақобат қўмитаси хусусий авиакомпаниялардаги қонунбузилиш ҳолатларини ўрганмоқда
Рақобат қўмитаси “CENTRUM AIR” ва “Qanot Sharq” хусусий авиакомпаниялари фаолияти юзасидан Фуқаро авиацияси агентлигига сўров юборди. Бунга авиачипталарнинг ортиқча сотилиши, рейсларнинг кечикиши ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқлари билан боғлиқ мурожаатлар сони ортиб бораётгани сабаб бўлган.
Қўмита маълумотига кўра, авиақатновлар бўйича 2025 йилда 127 та, 2026 йилнинг дастлабки 4 ойида эса 145 та мурожаат келиб тушган. Ўрганишларда кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиниши, парвоз вақтига риоя этилмаслиги ва сифатсиз хизмат кўрсатилиши каби ҳолатлар аниқланган.
Мурожаатларда йўловчиларга хизмат ҳақида етарли маълумот берилмаслиги, расмий чиптага эга бўлган йўловчиларни рейсга чиқармаслик, бир неча соатлик кечикишлар сабаб аэропортларда қолиб кетиш ҳолатлари ҳамда зарар учун компенсация тўланмаётгани бўйича эътирозлар билдирилган.
Қўмита ўрганишларида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, “Ҳаво кодекси” ва ҳаво транспорти қоидалари талабларига етарлича риоя қилинмаётгани қайд этилди. Хусусан, кечиккан рейслар вақтида йўловчиларни озиқ-овқат, меҳмонхона ва транспорт билан таъминлаш, ортиқча брон қилинган ҳолатларда компенсация бериш каби мажбуриятлар тўлиқ бажарилмаётгани айтилди.
Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси тўпланган маълумотларни кўриб чиқиш ва зарур чораларни белгилаш учун Фуқаро авиацияси агентлигига расмий сўров киритган. Айни пайтда республикадаги барча авиакомпаниялар фаолияти бўйича рейслар кечикиши ва компенсация ҳолатлари юзасидан таҳлилий ўрганишлар ҳам олиб борилмоқда.
Қўмита фуқароларни авиаташиш хизматларида ҳуқуқлари бузилган тақдирда 1159 ишонч рақамига мурожаат қилишга чақиради.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА