Рақамли таълим соҳасида Ўзбекистон ва Финландия ҳамкорлиги кенгаймоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда рақамли таълим ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларидаги халқаро ҳамкорлик ўз истиқболига кўра самарали натижаларни кўрсатмоқда.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Финландия Миллий таълим агентлиги вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда касбий ва профессионал ривожланиш, STEAM ва инклюзив таълимни ривожлантириш, информатика ўқитувчиларининг рақамли кўникмаларини ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Финландиянинг замонавий таълим тажрибаси асосида рақамли таълим методологиясини жорий этиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда педагогларнинг малакасини ошириш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Учрашув давомида талабалар ва педагоглар алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, рақамли таълим соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда таълим жараёнида инновацион технологияларни кенг жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди, дейилади Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида. Музокаралар чоғида Финландиянинг таълим тизимидаги илғор тажрибаларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган рақамли таълим лойиҳаларига интеграция қилиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Учрашув якунида Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ҳамда Финландия Миллий таълим агентлиги ўртасида ҳамкорлик баённомаси имзоланди.
А.Рустамов, ЎзА