Ўтинлар орасига экилган оғу
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Шароф Рашидов туманида ўтказилган тезкор-профилактик тадбир давомида гиёҳвандлик билан боғлиқ қонунбузарлик фош этилди.
Аниқланишича, туманнинг Ёшлик маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган Л. М. ўз ҳовлисидаги ўтинлар орасида 65 туп кўкнорига ўхшаш ўсимликни парваришлаб келган.

Ҳолат холислар иштирокида расмийлаштирилиб, мазкур ўсимликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Айни пайтда уларнинг гиёҳвандлик хусусиятига эга эканлигини аниқлаш мақсадида тегишли экспертиза тешируви тайинланган бўлиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, таркибида гиёҳвандлик моддалари мавжуд бўлган ўсимликларни етиштириш нафақат қонунбузарлик, балки жамият саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи омил ҳисобланади. Афсуски, айрим ҳолатларда бундай ўсимликлар аҳоли яшаш ҳудудларида, ҳатто хонадонларда яширинча парваришланаётгани хавотир уйғотади.
Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари муомаласига қарши курашнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августда қабул қилинган “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунида гиёҳвандлик воситалари таркибига кирувчи ўсимликларни етиштириш, сақлаш ва уларнинг ноқонуний муомаласига қарши қатъий чекловлар белгиланган. Шунингдек, мазкур соҳада қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида 2022 йил 1 июнда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақидаги ЎРҚ–774-сон Қонун қабул қилинди. Бу эса гиёҳвандлик воситалари устидан назорат механизмларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Бироқ қонунлар ва назорат чоралари қанчалик кучайтирилмасин, бундай ҳолатларнинг олдини олишда маҳалла, оила ва жамоатчиликнинг масъулияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Нега бир хонадон ҳудудида ўнлаб туп кўкнор парваришланаётгани атрофдагилар эътиборидан четда қолди? Нега бу каби ҳолатлар фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тадбири давомида аниқланмоқда?
Мутахассислар фикрича, гиёҳвандликка қарши кураш жазо чоралари билан чекланиб қолмасдан, аҳоли орасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва маҳаллаларда профилактик ишлар самарадорлигини кучайтириш билан ҳам узвий боғлиқ.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА