Рақамли касб эгаларига сертификатлар топширилди
Рақамли иқтисодиёт жадал ривожланаётган бугунги кунда СММ, мобилография ва сунъий интеллект технологияларини пухта ўзлаштирган мутахассисларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган “СММ мактаби” ва “Ёш мобилографлар мактаби” лойиҳалари ана шу эҳтиёжга муносиб жавоб бўлиб, юзлаб ёшларни замонавий касблар эгалари сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда. Навбатдаги битирувчиларга сертификатлар топширилиши эса мазкур ташаббусларнинг амалий самараси ва ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Сирдарё вилояти Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун Контент тайёрлаш маркази, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамкорлигида “СММ мактаби” ва “Ёш мобилографлар мактаби” лойиҳалари битирувчилари иштирокида тақдимот тадбири ҳамда сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятдаги йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, контент яратувчилар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар бугунги кунда СММ, мобилография, видеомонтаж, рақамли маркетинг ва сифатли медиаконтент яратиш йўналишлари меҳнат бозорида энг талаб юқори бўлган соҳалардан бирига айланганини таъкидладилар. Шунингдек, мамлакатимизда ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, уларнинг рақамли кўникмаларини мустаҳкамлаш, ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мустақил даромад топиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.

Тадбир доирасида ўқув курслари тингловчилари томонидан тайёрланган фото ва видеолойиҳалар, ижтимоий тармоқлар учун яратилган креатив контентлар ҳамда бошқа амалий ишлар намойиш этилди. Битирувчилар қисқа вақт ичида эгаллаган назарий билимлари ва амалий кўникмалари, шунингдек, амалга оширган лойиҳалари ҳамда эришган натижаларини тақдим этдилар.

Қайд этилганидек, бугунги кунга қадар Сирдарё вилоятида мазкур лойиҳалар орқали 100 нафарга яқин СММ мутахассиси ва 100 нафардан ортиқ мобилограф тайёрланди. Уларнинг аксарияти давлат ва хусусий секторда, оммавий ахборот воситаларида, медиа марказларда, шунингдек, фриланс йўналишида фаолият юритиб, ўз меҳнати орқали барқарор даромад топмоқда. Бу эса лойиҳаларнинг амалий самарадорлиги ва ёшларнинг меҳнат бозорига муваффақиятли интеграциялашувидаги муҳим аҳамиятини яққол намоён этмоқда.


Тадбир якунида “СММ мактаби” ва “Ёш мобилографлар мактаби” ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, ўқув жараёнида фаол иштирок этган ҳамда энг яхши ижодий ишлар муаллифлари алоҳида эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири