“Рақамли авлод қизлари – 2026” – энг иқтидорли қизларни рағбатлантиришга оид лойиҳа
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат таълим муассасаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 1-6 март кунлари “Рақамли авлод қизлари” республика танловининг финал босқичи ташкил этилди.
Жараёнлар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Ренессанс” болалар оромгоҳида бўлиб ўтди.
Бўстонлиқнинг ўригу бодом дарахтлари чаппар гуллаган, тоғлари қордан дўппи кийган сўлим гўшада ўтган маърифий лойиҳа ёш тадқиқотчи қизлар учун ўз стартап лойиҳаларини тақдим этиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини бергани билан аҳамиятли бўлди. Унда танловнинг ҳудудий босқичида ғолиб бўлган қизлар иштирок этди.
Жараёнлар давомида хорижий малакали экспертлар иштирокида маҳорат дарслари ҳам ўтказилди.
Танловда иштирокчи қизлар томонидан ери шўр ҳудудларда ичимлик сувини сифатини яхшилашга ёрдам беришга қаратилган “Aralflow”, университет талабаларига амалиёт учун ёрдам берадиган “Rotation”, дарахт ва кўчатларни экишга ёрдам берувчи “Green market” платформаси каби лойиҳалар тақдимот қилинди.

“Рақамли авлод қизлари” танлови 2021 йилдан буён доимий равишда ўтказиб келинади. Ҳозирга қадар унда 100 минг нафардан ортиқ қизлар иштирок этишди.
“Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат таълим муассасаси раҳбари Азамат Жалоловнинг айтишича, танловнинг бу галги мавсумида иштирок этиш учун 92 минг нафардан ортиқ қизлар ариза қолдирган. Шундан 84 та лойиҳа Республика босқичига тавсия қилинди. Тақдим этилган лойиҳалар таълим, яшил иқтисодиёт, иқлим ўзгариши, сунъий интеллект каби йўналишларни ўзига қамрагани эътиборга молик.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Рақамли авлод қизлари”да нафақат ўзбекистонлик, балки соҳага қизиқувчи хорижлик ўқувчилар ҳам қатнашиб келишмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида лойиҳада Бирлашган Араб Амирликлари, Афғонистон, Озарбайжон, Хитой каби давлатлардан ҳам қизлар ўз лойиҳалари билан иштирок этишди.
Мазкур лойиҳа доирасида ўтган давр мобайнида иштирокчи-қизлар томонидан 400 дан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилган. Бу йилги танловда иштирокчилар 16 ёшдан 20 ёшгача ҳамда 21 ёшдан 30 ёшгача бўлган тоифада ўз лойиҳаларини тақдим этди.

- Танлов учун тақдим этган лойиҳам чаённинг заҳридан тиббиёт ва косметология учун зарур даволаш воситалари олишни кўзда тутади, – деди Термиз давлат университети талабаси Феруза Тўхтамуродова. – Лойиҳам устида келгусида янада пухтароқ ишлаш, уни такомиллаштириш ниятим бор.
– Мен хлорелла ўсимлигидан биоёқилғи олишга оид лойиҳамни тақдим этдим, - деди Жиззах шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Динара Нуриддинова. – Мазкур танлов жараёнида билимларимиз янада бойиди. Ўзимиз каби илмий изланиш йўлидаги қизларнинг фаолияти билан яқиндан танишдик.
2024-2025 йилларда лойиҳада ғолиб бўлган қизлар Бирлашган Араб Амирликлари ва АҚШда таълим саёҳатида бўлишди.
Жорий йилда ҳам ғолиб иштирокчилар хорижий давлатга таълим саёҳати йўлланмасини ютиб олишди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири