“Рақамлар ортидаги инсон тақдири”: Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўли
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Барқарор ривожланиш мақсадлари (#БРМ) ойлигига расман старт берувчи “Барқарор ривожланиш мақсадлари: миллий тараққиётнинг янги босқичи” мавзусида республика конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур ойликнинг аҳамияти қандай? Бу ҳақда Барқарор ривожланиш маркази директори Элёржон Саминов билан суҳбатлашдик.
– Куни кеча Ўзбекистонда “Янги Ўзбекистон: ислоҳотлар натижаси – барқарор ривожланиш кафолати!” шиори остида Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигига расман старт берилди. Аввало, ушбу ойликдан қандай натижалар кутилмоқда? У мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга оид натижаларни сарҳисоб қилиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ва келгуси устувор вазифаларни белгилашда қандай аҳамият касб этади?
– Дарҳақиқат, мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида муҳим янги ташаббус — Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигига расман старт берилди. Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ойлик, аввало, босиб ўтилган йўлга назар ташлаб, эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, мавжуд муаммоларга ечим излаш ва келгуси вазифаларни белгилаш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Айни пайтда, бу ойликни шунчаки тадбирлар мажмуи сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Унинг замирида бир мақсад — барқарор ривожланиш ғоясини жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириш мақсади мужассам. Шу боис жараёнга давлат органлари ва парламент билан бир қаторда маҳаллий ҳокимликлар, фуқаролик жамияти институтлари, хусусий сектор, илмий доиралар, ёшлар ва кенг жамоатчиликни фаол жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ойлик доирасида 60 дан ортиқ халқаро конференциялар, давра суҳбатлари, тарғибот тадбирлари ва соҳага оид подкастлар ўтказилиши режалаштирилган. Уларнинг ҳар бири янги ғоялар туғиладиган, тажриба алмашиладиган ва амалий таклифлар шаклланадиган очиқ мулоқот майдонига айланиши кўзда тутилмоқда.
Энг муҳими, бу тадбирларнинг марказида рақамлар эмас, инсон ва унинг фаровон ҳаёти турибди. Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш билан бирга, инсон қадрини янада юксалтириш, бугунги ислоҳотларни эртанги авлод фаровонлиги билан боғлаш ва барқарор келажак учун умумий масъулиятни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббусдир.
– 2030 йилгача белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун вақт тобора қисқармоқда. Дунё мамлакатлари бу мақсадларга эришиш йўлида ҳозир қай даражада ва энг катта хавф нимада — мақсадларга эриша олмасликдами ёки мамлакатлар ўртасидаги тафовутнинг янада чуқурлашишидами?
– 2030 йилга тобора яқинлашаётганимиз сари Барқарор ривожланиш мақсадларининг дунёдаги бугунги ҳолати янада жиддий ўйланишга ундамоқда. Бу ерда гап фақат белгиланган муддатгача барча мақсадларга эриша олмаслик ҳақида эмас. Энг катта хавф — мамлакатлар ва минтақалар тараққиётнинг турли суръатларида ҳаракатланаётгани, натижада дунёдаги ривожланиш тафовути тобора чуқурлашиб бораётганидир.
Sustainable Development Report 2026 ҳисоботига кўра, глобал миқёсда таҳлил қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларининг атиги 16,5 фоизи 2030 йилгача эришиш йўлида бормоқда. Демак, ҳозирги суръат сақланиб қолса, мақсадларнинг бешдан бир қисмига ҳам етмаган қисми белгиланган муддатда амалга ошиши мумкин. Айниқса, очликни бартараф этиш ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, тинчлик, адолат ва самарали институтларни таъминлаш борасида орқада қолиш сезиларли.
Бироқ дунё манзарасига фақат умумий рақамлар орқали баҳо бериш етарли эмас. Чунки мамлакатларнинг бошланғич имкониятлари, иқтисодий салоҳияти ва тараққиёт суръатлари бир-биридан кескин фарқ қилади. Юқори даромадли ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатлар 2015 йилдаёқ Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича анча юқори кўрсаткичларга эга эди. Шу сабабли кейинги йилларда уларнинг ўсиш суръати нисбатан секинлашган.
Аксинча, Шарқий ва Жанубий Осиё, BRICS+ ҳамда қуйи-ўрта даромадли мамлакатлар пастроқ нуқтадан йўлга чиққан бўлса-да, тезроқ суръатда олдинга силжимоқда. Ҳисоботда Шарқий ва Жанубий Осиё 2015 йилдан буён Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича энг тез тараққий этган минтақа сифатида қайд этилган. Бу эса тараққиётнинг ягона модели йўқлигини, аммо тўғри сиёсат, инвестиция ва ҳамкорлик орқали қисқа вақтда сезиларли натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатади.
Энг ташвишли ҳолат эса паст даромадли мамлакатлар мисолида намоён бўлмоқда. Улар 2015 йилдаёқ энг паст кўрсаткичлардан бошлаган. Бироқ шунга қарамай, уларнинг тараққиёт суръати иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб кутилган даражадан ҳам секин кечмоқда. Ҳисоботда бу ҳолат «секин конвергенция», яъни мамлакатлар ўртасидаги ривожланиш тафовути етарлича тез қисқармаётгани сифатида баҳоланади.
Шу боис масалага «кимдир мақсадларга эришади, кимдир эриша олмайди» деган оддий ёндашув билан қараб бўлмайди. Зеро, барқарор ривожланиш бир мамлакатнинг алоҳида муваффақияти эмас, балки бутун инсониятнинг умумий тақдирини белгилайдиган жараёндир. Ҳатто юқори даромадли давлатлар Барқарор ривожланиш мақсадларида юқори натижаларга эга бўлса-да, уларнинг ишлаб чиқариш, савдо ва истеъмол моделлари бошқа мамлакатларга экологик ва ижтимоий салбий таъсирларни ҳам юзага келтириши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, 2030 йил остонасида дунё олдида турган энг катта хавф «икки хил тезликдаги тараққиёт»нинг шаклланишидир. Бир томонда молиявий имкониятлари, технологиялари ва инвестиция ресурслари кенг бўлган давлатлар, иккинчи томонда эса ўз тараққиёти учун ҳали катта молиявий ва технологик кўмакка муҳтож мамлакатлар турибди. Агар ушбу тафовутни қисқартиришга эришилмаса, бир мамлакатдаги ютуқлар глобал барқарорликни таъминлаш учун етарли бўлмайди.
Шунинг учун бугунги вазифа уруш ва низоларни бартараф этиб, тинчликни таъминлаш, узоқ муддатли инвестицияларни кўпайтириш, минтақавий ва маҳаллий ҳамкорликни кучайтириш, ривожланаётган мамлакатлар учун молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, илм-фан, инновациялар ва ишончли маълумотлардан самарали фойдаланишдир.
Зеро, 2030 йилгача қолган вақт — шунчаки тақвимда камайиб бораётган йиллар эмас. Бу бутун дунё учун ҳал қилувчи давр. Барқарор ривожланишнинг ҳақиқий мезони энг ривожланган давлатлар қанчалик тез олдинга бораётгани билангина эмас, балки бугун имкониятлари чекланган мамлакатлар, ҳудудлар ва миллионлаб инсонларнинг эртанги кунга қанчалик яқинлашаётгани билан ҳам ўлчанади.
Барқарор тараққиёт бу бугунги авлод эҳтиёжларини қондириш билан чекланмай, эртанги авлодга ҳам фаровон ҳаёт, соғлом муҳит ва муносиб имкониятлар қолдириш масъулиятидир.
– Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасида дунё мамлакатлари орасида қандай натижаларни қайд этмоқда?
– Бугун Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасидаги натижаларини баҳолар эканмиз, бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлаш лозим: барқарор ривожланиш — бу фақат рейтинглар, рақамлар ёки статистик кўрсаткичлар эмас. Унинг замирида инсон, унинг ҳаёти, тақдири, орзу-умидлари ва эртанги кунига бўлган ишончи мужассам.
Бу ёндашув халқаро рейтингларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Sustainable Development Report 2026 ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 169 та давлат орасида 72,9 балл билан 65-ўринни эгаллади. Таълим, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш, рақамлаштириш, инфратузилма ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги натижалар ушбу ижобий динамиканинг муҳим омилларидир.
Бу рақамларнинг ҳар бири ортида инсон тақдири бор. Масалан, таълим қамровининг юқорилиги — бу шунчаки фоиз эмас, балки мактабга бораётган боланинг келажакка очилаётган йўли. Камбағаллик кўрсаткичининг яхшиланиши — бу статистика эмас, балки оила дастурхонидаги барака, фарзанднинг тўйиб овқатланиши, ота-онанинг эртанги кунга ишончи. Электрон ҳукуматнинг ривожланиши эса оддий рақам эмас, бу фуқаронинг давлат идораси эшигида навбат кутиб вақт сарфламаслиги, ўз муаммосини тезроқ ҳал қилиши демакдир.
Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида илгари сурилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим хусусияти инсонни тараққиётнинг асосий мезони сифатида кўришдир. Бу тамойил ички ислоҳотлар билан чекланиб қолмаяпти. Ўзбекистон ўз тараққиёт тажрибаси ва минтақавий ҳамкорликка оид қарашларини халқаро майдонга олиб чиқиб, барқарор ривожланишнинг умумий ечимларини таклиф этмоқда.
Бунинг яққол мисолларидан бири Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни кучайтириш ташаббусидир. 2025 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлиги ва иқтисодий интеграциясини янада чуқурлаштиришни қўллаб-қувватловчи Бош Ассамблея резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу ташаббус 2026 йил 20 май куни ўзининг мантиқий натижасини топиб, БМТ Бош Ассамблеяси A/RES/80/260-сонли резолюцияни овоз беришсиз, яъни консенсус асосида қабул қилди.
Эътиборлиси, резолюцияни 66 та давлат қўшимча ҳаммуаллиф сифатида қўллаб-қувватлаган. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мазкур ҳужжатни Марказий Осиё халқлари манфаатлари йўлида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим ташаббус сифатида баҳолаб, унинг инновацияларни рағбатлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилишини қайд этди.
Бу воқеага бироз чуқурроқ назар ташласак, унинг мазмуни янада яққол намоён бўлади. Марказий Осиёдаги ҳамкорлик — бу фақат давлатлар ўртасидаги муносабатлар эмас. Бу миллионлаб инсонларнинг тақдирига дахлдор жараён. Чегаралар орқали савдонинг енгиллашиши — тадбиркор учун янги бозор. Транспорт йўлакларининг ривожланиши — оддий одам учун янги иш ўрни. Энергетика ва сув соҳасидаги ҳамкорлик — миллионлаб аҳоли учун барқарор таъминот. Таълим ва илм-фандаги ҳамкорлик эса ёш авлод учун янги имкониятлар эшигидир.
Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббускорлиги нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг келажаги билан боғлиқ стратегик қараш сифатида намоён бўлмоқда.
Айни пайтда, 2026 йилги ҳисобот Ўзбекистонда барқарор ривожланишни миллий режалаштириш ва сиёсат билан уйғунлаштириш жараёнларига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Хусусан, Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи ҳисоботида Ўзбекистон интеграциялашган миллий режалаштириш йўналишида ҳамкорлик йўлга қўйилаётгани қайд этилган.
Зеро, барқарор ривожланишнинг энг тўғри мезони инсоннинг ҳаётидаги ўзгаришдир. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт йўли рақамлар ортидан қувиш эмас, рақамлар ортида турган инсон тақдирини яхшилаш йўлидир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллий ислоҳотларни минтақавий ва глобал ташаббуслар билан уйғунлаштиришга қаратилган сиёсати эса ана шу мақсадни янада кенгроқ майдонга олиб чиқмоқда.
Зеро, барқарор ривожланиш — бу келажакни кутиш эмас. Бу бугун ҳар бир инсон учун яхшироқ ҳаёт яратишдан бошланади. Ва ҳар бир ислоҳотнинг энг олий натижаси ҳам битта мезон билан ўлчаниши керак: инсон ҳаёти қанчалик ўзгарди, унинг тақдири қанчалик яхшиланди?
– Суҳбат учун ташаккур!
Н.Усмонова, ЎзА