Имкониятдан натижагача: ёшлар билан ишлашда самарадорлик натижалари қай даражада?
Ёшлар билан ишлашда самарадорликка эришиш — бу нафақат уларга кўрсатма бериш, балки уларнинг салоҳиятини тўғри йўналтириш ва ишончини қозониш демакдир. Бугунги кунда ёшлар ахборот технологияларини тез ўзлаштирадиган, мустақилликка интилувчи ва анъанавий ёндашувлардан кўра кўпроқ инновацион ҳамда инсонга йўналтирилган индивидуалликни афзал кўрадиган авлоддир.
Энди ёшлар ҳақида сўз юритганда, аввало, улар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирамиз. Бу табиий, албатта. Чунки таълим олиш, касб эгаллаш, замонавий технологияларни ўрганиш, илм-фан ва инновация билан шуғулланиш, ўз ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш учун ёшлар олдида тобора кенг имкониятлар очилмоқда.
Бироқ бугунги босқичда муҳим бир саволга эътибор қаратиш зарур: яратилаётган имкониятлар қандай натижа бермоқда?
Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолашда фақат қанча тадбир ўтказилгани ёки қанча имконият яратилганига эмас, балки бунинг натижасида ёшларнинг ҳаётида қандай ўзгариш юз берганига эътибор қаратиш муҳим. Яъни имкониятнинг ўзи эмас, унинг амалий натижага айланиши асосий мезон бўлиши керак.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига ташрифи ҳам бу масаланинг нақадар долзарб эканини яна бир бор кўрсатди. Ташриф давомида талабаларнинг таълим олиши, яшаш шароити, хавфсизлиги, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни қийнаётган масалаларни тезкор ҳал этиш билан боғлиқ вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
“Ёшлик” талабалар шаҳарчасида 7 та олий таълим муассасасига қарашли 41 та талабалар турар жойида қарийб 18 минг нафар ёш истиқомат қилаётгани бу ерда бошқарув ва хизматлар самарадорлигини таъминлаш муҳим вазифа эканини кўрсатади. Шу жиҳатдан, талабалар шаҳарчасида хавфсизликни таъминлаш, кириб-чиқиш ва давоматни замонавий рақамли тизимлар орқали назорат қилиш, талабалар муаммоларини мунтазам ва тизимли ўрганиш каби ёндашувлар алоҳида аҳамият касб этади.
–Замонавий бошқарув муаммони аниқлаш ва қайд этиш билангина чекланмайди, –деди Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Муҳсиддин Низомиддинов.– Асосий вазифа - муаммонинг ечимини тез, аниқ ва самарали топишдир. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2025-йил 6-декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур ҳужжатда давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш, ҳудудларда янги имкониятларни аниқлаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш муҳим вазифалар сифатида белгиланган. Фармонда давлат органлари фаолиятини мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторлар асосида баҳолаш, белгиланган натижаларга эришиш жараёнини махсус электрон платформа орқали мониторинг қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур ёндашувни ёшлар билан ишлаш тизимига татбиқ этиш ҳам муҳим.
Жумладан, талабалар билан юзлаб учрашувлар ўтказилгани ўз-ўзидан юқори самарадорликни англатмайди. Муҳими, ушбу учрашувлардан кейин нечта муаммо ҳал этилди, нечта талаба ўз саволига аниқ жавоб олди, нечта ёш ишга жойлашди, нечта талаба янги касб эгаллади, нечта ташаббус амалий лойиҳага айланди? Ана шу саволларга бериладиган жавоблар ёшлар билан ишлашнинг ҳақиқий натижасини кўрсатади.
Талабалар турар жойлари мисолида ҳам худди шундай ёндашув зарур. Янги ётоқхоналар қуриш ва мавжуд ўринлар сонини кўпайтириш, албатта, муҳим. Бироқ бундан кейинги савол — талаба у ерда қандай шароитда яшамоқда? Интернет сифати қандай? Таълим олиш учун зарур шароитлар яратилганми? Хавфсизлик қай даражада таъминланган? Талаба муаммога дуч келганида кимга ва қанча вақтда мурожаат қилиши мумкин? Муаммо қай даражада тез ва самарали ҳал этилмоқда? Самарадорлик айнан шу саволларга бериладиган жавобларда намоён бўлади. Шу сабабли ёшлар сиёсатида “имконият яратдик” деган ёндашувдан “имконият қандай натижа берди?” деган ёндашувга босқичма-босқич ўтиш муҳим.
Олмазор туманидаги талабалар шаҳарчасида таълим, илм-фан, IT ва юқори технологияларни бирлаштирган инновацион муҳит яратиш бўйича белгиланган вазифалар ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади. Талаба фақат билим оладиган эмас, балки олган билимини амалиётда синаб кўриши, янги ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиши мумкин бўлган муҳитга эга бўлиши керак. Ана шундагина университет, талабалар шаҳарчаси ва ёшлар сиёсати ўртасидаги узвий боғлиқлик амалий натижага айланади. Бу жараёнда ёшларнинг ўзи ҳам фаол иштирокчи бўлиши зарур.
Ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, ташаббус кўрсатиш, янги билим ва кўникмаларни эгаллаш ҳамда ўз ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш уларнинг шахсий масъулиятини ҳам талаб этади. Бугунги ёшлар билан ишлашда энг муҳим мезон - қанча иш қилинганига эмас, қанча натижага эришилганига эътибор қаратишдир. Бу ёндашув нафақат давлат бошқарувида, балки ёшлар билан ишлашнинг барча йўналишларида самарадорликни оширишга хизмат қилади. Чунки ҳар бир яратилган имконият ортида давлатнинг ресурси, меҳнати ва эътибори мужассам.
Ушбу имкониятларни ҳақиқий натижага айлантириш эса давлат ташкилотлари билан бир қаторда ёшларнинг ҳам масъулиятидир. Бугун ёшлар учун таълим олиш, касб эгаллаш, замонавий технологияларни ўрганиш ва ўз ғояларини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Эндиги муҳим вазифа бу имкониятларни аниқ ва ўлчанадиган натижаларга айлантиришдир. Зеро, самарадорлик имкониятлар сонида эмас, уларнинг натижага айланганида намоён бўлади.
Гулноза Бобоева, ЎзА