Радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ жараёнлар ҳуқуқий тартибга солинади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор масалалар муҳокамаси режалаштирилган.
Дастлаб мажлисда “Радиоактив чиқиндилар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини тартибга солишга қаратилган. Шунингдек, аҳолининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини, шунингдек, атроф-муҳитни радиоактив чиқиндиларнинг таъсиридан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш кўзда тутилган.
— Қонун лойиҳаси билан радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг асосий принциплари белгиланмоқда, — деди депутат Б.Эшмирзаев. — Шунингдек, соҳани давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш механизмлари, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш борасидаги давлат органларининг ваколатлари, эксплуатация қилувчи ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг аниқ чегараси белгиланмоқда. Хусусан, радиоактив чиқиндиларни тўплаш, саралаш, қайта ишлаш, зарарсизлантириш, транспортда ташиш, сақлаш ва кўмиб ташлаш билан боғлиқ жараёнларга оид нормалар назарда тутилмоқда.
Радиоактив чиқиндиларни давлат томонидан ҳисобга олиш, улар устидан назорат ва мониторингни амалга ошириш, радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган талаблар белгиланмоқда.
Қайд этилганидек, ушбу лойиҳада аҳоли ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг соҳадаги ахборотларни олиш ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда ташкилотларнинг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда хавфсизликни таъминлаш, соҳада давлат назорати самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни радиоактив чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ишончли ҳимоялашга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА