Тиббиётга катта инвестиция киритилиб геномика ва биотехнологиялар ривожлантирилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашуви давом этмоқда.
Президентимиз келаси йил ҳар бир ҳудудга камида 150 миллион доллар инвестиция ва грант жалб қилиш вазифасини қўйди. Бу борада ҳудудлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.
Дунё тиббиётида геномика, ҳужайра ва биотехнологиялар орқали илгари даволаш имконсиз бўлган кўплаб касалликларга ечим топилаётгани қайд этилди. Бироқ илмий тараққиёт инсон олдидаги масъулиятни ҳам оширади.
– Инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ тадқиқотларда унинг ҳуқуқи, розилиги ва қадр-қиммати биринчи ўринда туриши шарт, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, биоэтика ва биотехнология соҳалари учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилади.
Гарвард тиббиёт мактаби билан ҳамкорликда ирсий касалликлар бўйича мутахассислар ўқитилади ва генетик текширув жорий этилади.
ЎзА