Қутқарувчиларга замонавий техникалар топширилди
Инсон ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш ҳар қандай давлатнинг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Янги Ўзбекистонда бу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштирмоқда, балки қутқарув хизматларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг тезкорлиги ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Бухоро вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси шахсий таркибига замонавий махсус ҳамда енгил хизмат автомашиналарининг топширилиши ана шу эзгу мақсадлар йўлидаги яна бир муҳим амалий қадам бўлди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси шахсий таркиби, соҳа фахрийлари ҳамда “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар отряди вакиллари иштирок этишди.

Маросимда сўзга чиққан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими халққа янада яқин, ишончли ва замонавий бошқарув тамойиллари асосида фаолият юритувчи тизимга айланаётганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, қабул қилинаётган Президент фармон ва қарорлари соҳада рақамли технологияларни кенг жорий этиш, профилактика ишларини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда. Айниқса, маҳаллаларда хизмат олиб бораётган давлат инспекторлари институтининг жорий этилиши хавфларни олдиндан баҳолаш ва уларни бартараф этишда муҳим ўрин тутмоқда.

Бугунги кунда вилоятдаги 516 та маҳалла хавф даражасига кўра “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилган. Ана шу тизим асосида “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллаларда мунтазам ўтказилган хонадонбай профилактик ўрганишлар ўзининг амалий самарасини берди. Натижада жорий йилнинг дастлабки олти ойида ёнғинлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53 тага камайди. Бу эса тизимнинг асосий эътибори оқибатларни бартараф этишга эмас, балки хавфларнинг илдизини барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилганини яна бир бор тасдиқлайди.

Фавқулодда вазиятлар хизмати инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида жорий йилда республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу маблағлар эвазига бошқарма ва унинг таркибий бўлинмаларининг моддий-техника базаси сезиларли даражада мустаҳкамланмоқда.
Бугун Бухорода замонавий саноат корхоналари, йирик ишлаб чиқариш мажмуалари, кўп қаватли бинолар, ижтимоий объектлар барпо этилмоқда. Шу билан бирга, юртимизнинг ноёб маданий мерос объектларига ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва юз берган ҳолатларда тезкор ҳаракат қилиш учун янада замонавий техника ва юқори салоҳиятли хизматни талаб этади.

Ана шундай эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тасарруфида хизмат муддатини ўтаб бўлган техникалар ўрнига 18 та янги махсус ҳамда енгил хизмат автомашинаси ажратилди. Бу давлатимиз раҳбари томонидан инсон ҳаёти, аҳоли хавфсизлиги ва қутқарувчилар меҳнатига қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Тадбирда сўзга чиққан соҳа фахрийлари ва ёш қутқарувчилар мамлакатимизда тизим ходимларига яратилаётган шароитлар, уларнинг меҳнати муносиб қадрланаётгани учун самимий миннатдорлик билдиришди.
Тантанали маросим сўнггида замонавий махсус ҳамда енгил хизмат автомашиналари калитлари шахсий таркибга топширилди. Янги техникалар қутқарувчиларнинг тезкорлиги, ҳаракатчанлиги ва хизмат самарадорлигини янада ошириб, энг муҳими, инсонлар ҳаёти ва мол-мулкини ишончли муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Хавфсиз жамиятни барпо этиш йўлида энг муҳим омиллардан бири — кучли, замонавий ва профессионал қутқарув хизмати ҳисобланади. Бухоро вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасига топширилган янги автотранспорт воситалари шунчаки техника эмас, балки минглаб инсонларнинг ҳаётини асраш, хавф-хатарларнинг олдини олиш ва юрт тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлашга хизмат қиладиган ишонч, эътибор ва ғамхўрлик рамзидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири