Қурувчилар учун янги ётоқхона фойдаланишга топширилди
Зарафшон шаҳрида Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Зарафшон қурилиш бошқармаси ишчи-ходимлари учун 220 ўринли ётоқхона фойдаланишга топширилди.
Ушбу ётоқхона очилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ раҳбарияти, Зарафшон шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Зарафшон қурилиш бошқармаси ишчи-ходимлари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати, комбинатда ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, улар учун муносиб иш ва яшаш шароитларини яратиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

– Кейинги йилларда Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшасидаги ижобий ўзгаришлар юртдошларимизни қувонтирмоқда, – дейди Зарафшон қурилиш бошқармаси ходими Муҳсин Жўрақулов. – Комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгаши томонидан доимий равишда ишчи-ходимлар учун муносиб шароитлар яратиб берилади. Барча шароитларга эга ётоқхонанинг фойдаланишга топширилиши ҳам ана шундай ғамхўрликнинг амалдаги намунасидир. Бундан жамоамизнинг қувончи чексиз.
Янги ётоқхонада ишчи-ходимларнинг яшаши, дам олиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, ётоқхонада яшаш хоналари, ювиниш, ошхона, кир ювиш ва кийимларни сақлаш, муолажа, маънавият ва маърифат, ўқув хоналари ҳамда тиббиёт пункти мавжуд.



Шу билан бирга, ётоқхона ёнида ишчи-ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида мини-футбол, баскетбол, волейбол ва гандбол спорт турларига мўлжалланган майдонча ва замонавий тренажёр зали ҳам қуриб фойдаланишга топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири